+998 71 200 02 35

БМТ ХAЛҚAРО ҲУҚУҚ КОМИССИЯСИ ТОМОНИДAН ЎРГAНИЛAЁТГAН ДОЛЗAРБ МAВЗУЛAР МУҲОКAМA ҚИЛИНДИ.

11.05.2020 4967

2020-йилнинг 11-май куни БМТ Халқаро ҳуқуқ комиссияси томонидан ўрганилаётган долзарб мавзуларга бағишланган видеоконференция режимидаги давра суҳбати ўтказилди.

Видеоконференция Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан биргаликда ташкил этилди. Унда Тошкент давлат юридик университети, Юристлар малакасини ошириш маркази ва бошқа илмий-академик доиралар вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан «Умумий халқаро ҳуқуқнинг императив нормалари (jus cogens)» ва «Халқаро шартномаларни вақтинча қўллаш» мавзулари ҳамда ушбу мавзулар доирасида Халқаро ҳуқуқ комиссияси томонидан ишлаб чиқилаётган хулоса ва раҳбарий қоидалар лойиҳалари муҳокама қилинди.

Бундан кўзланган мақсад эса халқаро ҳуқуқ нормаларининг яратилишида иштирок этувчи халқаро тузилмаларда Ўзбекистон Республикасининг фаоллигини ошириш ва халқаро ҳуқуқ норма ижодкорлиги жараёнида давлатимиз манфаатларини максимал даражада инобатга олинишини таъминлашдир.

                Таъкидлаш жоизки, ушбу давра суҳбати халқаро норма ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли масалалар муҳокамасига кенг илмий-академик доиралар вакиллари жалб этилаётган биринчи тадбир ҳисобланади.

Видеоконференция якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида юқоридаги мавзулар доирасидаги Халқаро ҳуқуқ комиссиясининг лойиҳалари юзасидан давлатимизнинг расмий позициясини шакллантириш учун бир қатор таклифлар тақдим этилди.