+998 71 200 02 35

Юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курслари


ОЛИЙ МАъЛУМОТГА ЭГА БЎЛГАН ШАХСЛАРНИ ЮРИДИК МУТАХАССИСЛИК БЎЙИЧА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ КУРСЛАРИ.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 19-мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курслари тўғрисида”ги низом асосида олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курслари— давлат органлари ва ташкилотларининг юридик маълумот ҳамда билим талаб этадиган касб ва лавозимларида фаолият юритиш учун етарли даражадаги билим олиш ва кўникма шакллантиришни назарда тутадиган олий таълимдан кейинги ўқитиш шакли ҳисобланди.

I.Курснинг мақсади

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик маълумот ҳамда билим талаб этадиган касб ва лавозимларида фаолият юритиш учун етарли даражадаги билим ва кўникмага эга кадрларни тайёрлаш ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотларидаги бўш ўринларини профессионал кадрлар билан тўлдириш.

II.Курсларда қабул жараёнларини ташкил этиш тартиби

Қабул жараёнларида талабгорлар тегишли  ҳужжатларни Институт томонидан яратилган махсус веб-сайт орқали таълим олиш тилини белгилаган ҳолда, қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш ҳақидаги электрон аризани онлайн режимда тўлдиради (талабгорлар ҳужжатларини топшириш учун бевосита Институт биноларига келишлари талаб этилмайди).

III.Курсларда кимлар ўқиши мумкин

Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларида барча олий маълумотга эга бўлган шахслар таълим олишлари мумкин. (маълумот учун: ушбу курсда ўқиш учун олий маълумот йўналишлари бўйича талаблар мавжуд эмас яъни талабгорлардан исталган олий таълим йўналишлари бўйича бакалавр даражаси талаб этилади).

IV.Кириш имтиҳонлари ва уни ўтказиш тартиби

Ушбу курсда таълим олиш ниятида бўлган талабгорлардан тингловчиларни саралаб олиш суҳбат шаклидаги имтиҳон орқали амалга оширилади. Кириш имтиҳонлари юридик касбни танлашнинг асослантирилиши, ҳуқуқ соҳасидаги таянч билимлар ва таҳлилий фикрлашни аниқлаш нуқтаи назаридан ўтказилади.

V.Курсда таълим шакли

Курсларга бир йилда икки маротаба қабул ташкил этилиб, улардан бири анъанавий иккинчиси эса масофавий таълим шаклида ташкил этилади. Масофавий таълим шаклидаги қайта тайёрлаш курслари учун қабул ҳар йилнинг апрел, анъанавий таълим шаклидаги курс учун эса октябр ойларида ташкил этилади.

Анъанавий таълим шаклида таҳсил олаётган тингловчилар учун ўқув машғулотлари бевосита аудиторияларда ишдан ажралган ҳолда ташкил этилади.

Масофавий таълим шаклида ўқиётган тингловчилар учун ўқув жараёнлари ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда онлайн (реал вақт режимида) ҳамда офлайн (видеомаърузалар, мавзуга доир маърузалар матни, ассесмент топшириқлари, амалиёт материаллари таҳлили, кичик назорат ишини бажариш орқали тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш тарзида ташкил этилади.

VI.Курсда ўқув жараёнларининг давомийлиги

Қайта тайёрлаш курсларида ўқитишнинг давомийлиги, қоида тариқасида, олти ойни ташкил этади. Анъанавий ва масофавий таълим шаклларида ҳам курснинг давомийлиги умумий тартибда ўзгармайди.

VII.Курсда ўқув машғулотларини олиб борадиган профессор-ўқитувчилар

Курсларда ўқув машғулотларини Институт профессор-ўқитувчилари ҳамда замонавий педагогика технологияларини қўллай оладиган судялар, адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва бошқа амалиётчи мутахассисларни, маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчилар шартнома асосида соатбай ва ўриндошлик шартларида жалб этиш режалаштирилган.

VIII.Курс якуни

Курс якунлари бўйича Давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга давлат намунасидаги диплом берилади.