+998 71 200 02 35

Хотин-қизлар кафолати: қонунчилик нима дейди?

01.03.2023 1803

 

Сўнги йиллар давомида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг аҳволи ва ҳаёти сифатини яхшилаш учун кўп ишлар қилинди. Хусусан қонунчилик базаси ҳам такомиллашиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқий кафолатига қаратилган кўплаб янги нормалар киритилиди

Хотин-қизларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатларига қуйидагиларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин:

-     “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун;

-     “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;

-     “Хотин-қизларни меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори;

-     “Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори ва яна бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Қонунчиликда хотин-қизлар учун қандай кафолатлар бор?

Қонунчилигимизда аёлларга бир қатор имтиёзлар берилган бўлиб, уларнинг аксарияти меҳнат қилиш бўйича ҳуқуқларни таъминлашга қаратилган Хусусан:

1. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт.

2. Меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўлланиш тақиқланади, ер остидаги баъзи ишлар (жисмоний бўлмаган ишлар ёки санитария ва маиший хизмат кўрсатиш ишлари) бундан мустаснодир.

Аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади.

3. Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказилади.

Ҳомиладор аёлга енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳоли бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунга қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим.

4. Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, боласи икки ёшга тўлгунга қадар аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказилади.

5. Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

6.  Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар

· егишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш;

· бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш ҳуқуқига эгадир.

Жабрланувчилар ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.

7.  “Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга БҲМнинг 150 бараваригача (33 млн 450 минг сўм) миқдорда кредитлар ажратилади.

Тан олиш керак, бу каби кафолатларнинг барчаси хотин-қизларнинг ҳуқуқий кафолатига қаратилган.Шунингдек, Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар бир марталик бўлмасдан, бу тизимли ва доимий равишда амалга оширилиш лозим.

                                                                        Юристлар малакасини ошириш маркази

 Буюртмалар портфели ва маркетингни шакллантириш бўлими

бош мутахассиси Ирода Авазметова