+998 71 200 02 35

Туркияда юридик хизмат ходимлари малакаларини оширдилар

12.06.2024 237

Сўнги йилларда мамлакатимизда юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда, шу ўринда хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим ҳисобланади.

Жорий йилнинг 31 май-7 июн кунлари Юристлар малакасини ошириш маркази ва “Aгробанк” аксиядорлик тижорат банки билан ҳамкорликда мазкур банкнинг юридик хизмат ходимлари учун Туркия давлатида ташкил этилган малака ошириш курси ўз якунига етди.

Дастлабки малака ошириш курси доирасида банкнинг 10 нафар юридик хизмат ходимлари Тукия давлатига юборилди. Ташриф давомида тингловчилар гуруҳи Истамбул молия маркази (ИФC), Президентлик молия офиси (Истамбул), Туркия Марказий банки, Туркия энергетик масалалар бўйича ҳакамлик марказларига ташриф буюришди. Банк юридик хизмат ходимлари билан ўзаро тажриба алмашиб, самарали бошқарув тизими, инсон ресурсларини бошқаришнинг замонавий амалиёти, банк-молия соҳасида карера ва самарадорликни бошқариш каби йўналишларда амалий тажрибаларга эга бўлишди.

Бугунги кунда Юристлар малакасини ошириш маркази хорижий давлатлар билан ҳамкорликда малака ошириш курсларини ташкил этиш имкониятига эга. Бу каби хорижда малака ошириш амалиётларининг жорий этилиши, тингловчиларда тажриба ва билимларни мустаҳкамлаш ҳамда иш фаолияти учун зарур бўлган барча янгиликлардан хабардор бўлиш имкониятини яратади.

Келгусида машғулотларнинг бир қисми хорижда амалиёт ўташ шаклидаги малака ошириш курсларимиз бошқа тижорат банклари, шунингдек, бошқа соҳадаги юридик хизмат ходимлари учун ҳам ташкил этилиб борилади.