Модератор: Юристлар малакасини ошириш маркази директори Шерзод Рабиев
Сессия: «Юридик кадрларни узлуксиз профессионал ривожлантириш»
2023 йилнинг 17-18 май кунлари Тошкент шаҳрида «ТОШКEНТ ҲУҚУҚ БАҲОРИ» ИИИ халқаро юридик форуми доирасида «Юридик кадрларни узлуксиз профессионал ривожлантириш» мавзусида анжуман бўлиб ўтди.
Ушбу анжумандан кўзланган асосий мақсад – халқаро миқёсда юридик кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ва бу йўналишдаги муаммоларни атрофлича муҳокама қилиш, соҳадаги халқаро тажрибани ижобий жиҳатларини қайд қилиш ва уларни оммалаштириш, жараёнга инновацион ғояларни фаол тарғиб этиш тўғрисида фикр алмашиш ва ишлаб чиқилган тавсиялар асосида соҳани янада такомиллаштириш истиқболларини белгилашдан иборат бўлди.
Сессияда АҚШ, Япония, Россия, Қозоғистон ва Словения давлатларидан хорижий экспертлар, Республикамизнинг 50 га яқин вазирлик, идора ва ташкилотлари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва суд-ҳуқуқ соҳаси миллий институтлари вакиллари, мамлакатимиздаги юридик олий ўқув юртларининг етакчи олимлари, профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва мустақил изланувчилари иштирок этди.
Анжуманда юридик кадрларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими, юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммолари, юридик таълимдаги инновациялар: мавжуд муаммо ва янги имкониятлар, юридик амалиёт ва таълимнинг рақамли трансформасияси ҳамда медиаторларни тайёрлаш ва уларнинг касбий ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Тадбир якуни бўйича юридик кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш шунингдек, мазкур йўналишдаги халқаро тажрибани ўрганиш асосида юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва янада ривожлантиришга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.