+998 55 518 57 77

Сунъий интеллект муаллиф бўла оладими?

27.03.2026 35

 

Сўнгги йилларда сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши жамият ҳаётининг деярли барча соҳаларига таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, ижодий фаолият билан боғлиқ жараёнларда сунъий интеллектнинг имкониятлари кенгайиб бораётгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда турли сунъий интеллект тизимлари шеър ёзиши, мақола тайёрлаши, расм чизиши, ҳатто мусиқа ҳам яратиши мумкин. Шу сабабли муҳим бир савол туғилади: сунъий интеллект яратган асарнинг муаллифи ким бўлади?

Авваламбор, муаллифлик ҳуқуқи тушунчасига эътибор қаратиш зарур. Муаллифлик ҳуқуқи – бу ижодий фаолият натижасида яратилган асарларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий институт ҳисобланади. Адабий асарлар, илмий ишлар, мусиқа, тасвирий санъат асарлари, дастурий маҳсулотлар каби кўплаб ижодий маҳсулотлар муаллифлик ҳуқуқи объекти сифатида эътироф этилади. Муаллифлик ҳуқуқининг асосий тамойилларидан бири шундан иборатки, асар муаллифи – уни яратган шахс ҳисобланади.

Аммо сунъий интеллект пайдо бўлиши билан бу масала анча мураккаблашди. Масалан, ChatGPT каби сунъий интеллект тизимлари матн ёзиши мумкин, Midjourney ёки DALL-E каби тизимлар эса тасвирлар яратади. Бундай ҳолатда савол туғилади: агар асарни сунъий интеллект яратган бўлса, унинг муаллифи сунъий интеллектнинг ўзими ёки ундан фойдаланган инсонми?

Кўплаб давлатларнинг ҳуқуқий амалиётида бу масалага аниқ ёндашув мавжуд. Ҳозирги пайтда аксарият мамлакатларда муаллифлик ҳуқуқи фақат инсон томонидан яратилган асарларга нисбатан қўлланилади. Масалан, АҚШ муаллифлик ҳуқуқи идораси бир неча бор сунъий интеллект томонидан тўлиқ яратилган асарлар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинмаслигини таъкидлаган. Чунки амалдаги ҳуқуқий талқинга кўра муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижасида яратилган асарга нисбатан қўлланилади ва ижодий фаолият субъекти сифатида инсон назарда тутилади.

Шунга ўхшаш ёндашув Европа давлатлари ҳуқуқий тизимида ҳам кузатилади. Европа Иттифоқи суд амалиётида ҳам муаллифлик ҳуқуқи асарнинг инсон томонидан яратилган ижодий натижа бўлиши билан боғланади. Демак, сунъий интеллект ҳозирча мустақил муаллиф сифатида тан олинмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти амалга оширилмасдан, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар муаллифлик ҳуқуқининг объекти ҳисобланмаслиги қайд этилган. Бундан кўриш мумкинки, бизнинг қонунчилигимиз бўйича ҳам сунъий интеллект муаллиф сифатида тан олинмайди.

Бироқ, бу масала бўйича баҳслар ҳали ҳам давом этмоқда. Баъзи мутахассислар келажакда сунъий интеллект технологиялари янада ривожланиши натижасида ҳуқуқий ёндашувлар ҳам ўзгариши мумкинлигини таъкидламоқда. Чунки айрим сунъий интеллект тизимлари жуда мураккаб ва мустақил тарзда ижодий натижалар яратишга қодир. Шу сабабли келажакда “сунъий интеллект муаллифлиги” тушунчаси ҳуқуқий жиҳатдан қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли ҳам мавжуд.

Ҳозирги шароитда эса сунъий интеллект томонидан яратилган контент билан боғлиқ яна бир муҳим савол мавжуд: бундай асар устидан ҳуқуқ кимга тегишли бўлади? Амалиётда кўпинча муаллифлик ҳуқуқи сунъий интеллектдан фойдаланган шахсга ёки дастур яратувчисига тегишли бўлиши мумкинлиги ҳақида турли қарашлар мавжуд. Бироқ, бу масалада ҳам ягона халқаро ёндашув шаклланмаган.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда сунъий интеллект технологиялари ижодий фаолият соҳасида янги имкониятлар яратмоқда. Аммо, амалдаги ҳуқуқий ёндашувга кўра сунъий интеллект мустақил муаллиф сифатида тан олинмайди. Муаллифлик ҳуқуқи одатда инсон ижодий фаолиятининг натижаси сифатида қаралади. Шу сабабли сунъий интеллект яратган асарлар билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар келажакда ҳам илмий ва ҳуқуқий муҳокамалар марказида бўлиб қолиши шубҳасиз.

 

 

 

 

А.Лапасов — Илмий-инновацион тадқиқотларни

мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи