+998 71 200 02 35

“Ўзбекистон ва БМТ: ўзаро ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт” мавзусидаги халқаро онлайн илмий-амалий семинар ўтказилди.

30.06.2021 2468

2021 йил 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан Ўзбекистон Республикасининг БМТга аъзо бўлганлигининг 29 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистон ва БМТ: ўзаро ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт” мавзусида онлайн илмий-амалий семинар ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий босқичлари ва йўналишларининг ўзига хос хусусиятлари, Ўзбекистон Республикасининг БМТ билан ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари ва мақсадлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида илгари сурилган дунёда ва минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, давлатлараро ҳамжиҳатлик ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслари, Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган жадал ривожланишга эришиш йўналишларига қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Илмий-амалий семинарда Барқарор ривожланиш маркази директори М.Ш.Усманов, Тошкент давлат юридик университети профессори, ю.ф.д. Г.Юлдашева, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи, ю.ф.д, доцент О.Р.Сулайманов, Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, ю.ф.н. Ш.Н.Рахманов ва Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи, юридик фанлар буйича фалсафа доктори(PhD) Ф.Хамдамовалар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Шунингдек, тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси, Барқарор ривожланиш маркази, Тошкент давлат юридик университети, ИИВ Академияси, Бош прокуратура Академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университеи, Судьялар олий мактабининг етакчи олимлари, профессор-ўқитувчилари, докторантлар ва мустақил изланувчилар, шунингдек юридик фан ва амалиётга алоқадор мутахассис ва экспертлар қатнашдилар.

Тадбир якунида қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг, Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигини ривожлантириш ва Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Илмий-амалий семинар материаллари тўплам сифатида нашр этилиши режалаштирилган.