ХХI асрда рақамли технологиялар барча соҳаларга, хусусан меҳнат муносабатларига чуқур кириб келди. Масофавий иш, электрон меҳнат шартномалари, онлайн бандлик платформалари ва сунъий интеллект асосида бошқариладиган меҳнат жараёнлари ҳозирги даврнинг ажралмас қисмига айланди. Рақамли технологиялар меҳнат муносабатларининг деярли барча жабҳаларига янгича кўриниш берди. Хусусан:
- Масофавий иш ва гиг иқтисодиёти (гиг эcономй): Интернет орқали хизмат кўрсатувчилар (фрееланcерлар, такси платформалари ҳайдовчилари ва бошқалар) рақамли майдонда мустақил равишда фаолият юритмоқда.
- Электрон меҳнат шартномалари: Эндиликда иш берувчи ва ходим ўртасидаги шартнома электрон рақамли имзо орқали расмийлаштирилмоқда.
- Иш фаолиятини мониторинг қилиш: Замонавий мониторинг воситалари (масалан, иш вақтини ҳисобловчи иловалар) ходим фаолиятини рақамли назорат қилиш имконини беради.
- Мослашувчан иш режими: Ишчи ўз жойидан қатъи назар ишлай олади, бу эса нафақат самарадорликни, балки ходимнинг ҳаёт сифати ва иш-машғулот мувозанатини оширади. Ушбу электронлашган меҳнат муносабатлари энг аввало сифатли иш жараёнини ҳамда ортиқча қоғозбозликни ва вақтни тежаш имкониятларини ҳам яратиб келмоқда.
Бундан ташқари меҳнат муносабатларини рақамлаштириш хисобига бир қанча янги имкониятлар яратилади.
- Янги иш ўринлари яратилиши: Рақамли платформаларда хизмат кўрсатиш орқали кўплаб янги иш имкониятлари юзага келди.
- Меҳнат самарадорлиги ошиши: Автоматлаштирилган жараёнлар ёрдамида ортиқча қоғозбозлик камаяди, тезкорлик ошади.
- Ўзбекистон шароитида ҳудудий тенглик: Рақамли иш орқали олис ҳудудлардаги фуқаролар ҳам даромад топиш имкониятига эга бўлмоқда.
Рақамли технологиялар имкониятлар билан бирга айрим муаммоларни ҳам юзага келтирмоқда. Яни,
- Ишчи ҳуқуқларининг бузилиши эҳтимоли: Масалан, гиг-ишчилар иш берувчининг тўлиқ жавобгарлигидан четда қолиши мумкин.
- Хусусий ҳаёт дахлсизлигига таҳдид: Иш мониторинги орқали ходимнинг шахсий ҳаёти чекланмоқда.
- Рақамли саводсизлик: Аҳолининг баъзи қатламлари рақамли технологиялардан фойдалана олмаяпти, бу эса тенгсизликни кучайтиради.
Меҳнат муносабатларида рақамли технологиялар катта салоҳиятга эга. Улар иш жараёнини қулай, самарали ва очиқ қилади. Шу билан бирга, қонунчилик доирасида ушбу технологияларнинг жорий этилиши ва ходим ҳуқуқларининг ҳимояси муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон бу борада аниқ қадамлар қўймоқда — Меҳнат кодекси, электрон рақамли имзо тўғрисидаги қонунлар, масофавий иш бўйича тартиблар буни яққол кўрсатади.
Келажакда рақамли меҳнат муносабатлари янада кенгаяди. Бу эса ҳуқуқий базани узлуксиз такомиллаштириш, ходимлар рақамли саводхонлигини ошириш ва рақамли тенгликни таъминлашни талаб қилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки рақамли меҳнат муносабатлари — бу замон талаби бўлиб, нафақат технологик, балки ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ёндашувни ҳам талаб қилади. Ўзбекистон шароитида бу соҳани ривожлантириш бандликни ошириш, самарадорликни кучайтириш ва инсон салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун муҳим восита ҳисобланади. Энг асосийси, бу соҳада инсон меҳнатининг қадрият сифатида ҳимояси сақланиши лозим.
Институт бош мутахассиси
Тоҳиров Отабек