+998 71 200 02 35

“Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш” номли курс ташкил этилди

27.01.2025 162

Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Сув xўжалиги вазирлиги таркибидаги “Сувхўжаликназорат” инспекцияси ходимлари учун маъмурий ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш ва улар бўйича иш юритишга қаратилган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш” номли курс ташкил этилди. Ушбу курс инспекция ходимларининг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг амалий малакасини оширишга қаратилган.

Машғулотлар давомида тингловчиларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245¹¹-моддасига асосан, “Сувхўжаликназорат” инспекциясига таалуқли бўлган 74, 75 ва 76-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг тушунчаси ва жавобгарлик асослари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённома расмийлаштириш ва унинг мазмунига оид талаблар юзасидан дарс машғулотлари бўлиб ўтди.

Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга оид тартиб ва муддатлари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор турлари, маъмурий жарима тўғрисидаги қарорларни ижро этиш хусусиятларига оид тушунтиришлар берилди.

Бу, ўз навбатида, инспекция ходимларига ўз вазифаларини қонунга мувофиқ ва самарали бажариш имконини беради.

“Сувхўжаликназорат” инспекцияси ходимлари учун ўтказилган ушбу ўқув машғулотлари уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш билан бирга, сув ресурсларини муҳофаза қилиш борасидаги давлат сиёсати самарадорлигини янада оширишга ҳисса қўшади.