+998 71 200 02 35

Малака оширишда ҳамкорлик

23.01.2025 154

Мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат ташкилотлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини ўрта ва қуйи бўғиндаги масъул ходимларга етказиш орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мунтазам равишда ошириб бориш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

 Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифаларидан биридир.

 Давлат бошқаруви органлари ва барча даражалардаги ҳокимликлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини доимий равишда мониторинг қилиш ҳамда баҳолашни жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 мартдаги 134-сон қарори билан Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

 Баҳолашнинг мақсади — давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини аниқлаш, уларнинг ўз фаолиятида зарур бўладиган ҳуқуқий билим ва кўникмаларга эга бўлишларини таъминлаш ҳамда уларда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантиришдан иборат этиб белгиланди.

 Худди шундай қарор билан Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги бўйича қўйиладиган минимал талаблар тасдиқланди.

 Унга кўра, давлат ташкилотлари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек айрим соҳаларни тартибга солувчи бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган нормалар, жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бўйича минимал талаблар доирасида ҳуқуқий билимларга эга бўлиши лозим.

 Адлия вазирлиги қошидаги юристлар малакасини ошириш маркази томонидан “Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш” номли ўқув дастури асосида қисқа муддатли ўқув курси йўлга қўйилди.

 Ушбу ўқув курсини ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад давлат ташкилотлари ходимларига ўз фаолиятида зарур бўладиган ҳуқуқий билим ва кўникмаларга эга бўлишларини ҳамда ҳуқуқий саводхонликнинг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлигини таъминлашдан иборатдир.

 

 Юқоридагилардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 22 январъ куни Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Тоғ-кон ва геология соҳаси ходимлари малакасини ошириш институти давлат муассасаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

 Ушбу ҳужжат икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш соҳасида узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш учун асос яратади.

 Шартнома Институт ва Марказ ўртасида таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини, тоғ-кон саноати ва геология тармоғи ходимларининг ҳуқуқий билим ва малакасини оширишга бўлган эҳтиёжни қондиришга қаратилган таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назарда тутади.

 Эндиликда Марказ профессор-ўқитувчилари томонидан Институтда малака ошираётган тингловчиларнинг ҳуқуқий билим ва малакасини ошириш алоҳида курслар ташкил этиш ёки айрим ҳуқуқий мавзулар бўйича машғулотлар ўтиб бориш орқали амалга оширилиши белгиланди.

 Томонлар машғулотларни Марказ ёки Институт аудиторияларида ёхуд онлайн шаклда ўтказилишига келишиб олишди.

 Эришилган келишувлар томонлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳамда уларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.