Юристлар малакасини ошириш маркази профессори в.б., юридик фанлар доктори (ДСc) Дониёр Рахимов, Марказ катта ўқитувчиси Зафаржон Рахмонов, Марказ катта ўқитувчиси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси тадқиқотчиси Шоҳжаҳон Жумаевлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига (янги таҳрири) шарҳ китоби нашр этилди.
Қонуннинг моддаларига берилган шарҳлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигидаги энг сўнгги ўзгаришлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги хорижий ва халқаро тажрибага асосланган ҳолда тайёрланган бўлиб, мурожаатлар билан ишлаш амалиётини бир хил шакллантириш учун мавжуд нормаларнинг мазмун-моҳиятини тўғри ангалаган ҳолда тадбиқ этишни мақсад қилади.
Унда 30 дан ортиқ хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш қонунчилиги таҳлил қилинган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш жараёни бўйича 24 та намунавий ҳужжат тайёрланган (шу пайтга қадар бирорта қонун ҳужжатига берилган илмий-назарий шарҳларда бундай намунавий ҳужжатлар акс этмаган, ушбу намунавий ҳужжатларнинг мавжудлиги эса давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини бир хиллигини таъминлайди). Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга доир муҳим ҳуқуқий терминларга илмий-доктринал таърифлар келтирилган.