Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан “Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тартиби” номли услубий қўлланма нашр этилди.
Унда давлат органларида, ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш босқичлари, мурожаат шакллари, уларга қўйилган талаблар, мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари таҳлили, мурожаат билан ишловчи ходимларнинг ва мурожаат қилувчи шахсларнинг жавобгарлигига оид қоидалар баён этилган.
Услубий қўлланмада оғзаки ва ёзма мурожаатлар, ариза, таклиф ва шикоят намуналари, янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсланинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда, мурожаатлар билан ишлаш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз аксини топган.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатлари, талаблари, шартлари ҳамда давлат органлари, муассасалари ва мансабдор шахсларининг бу борадаги мажбуриятларининг ҳуқуқий асослари бўйича халқаро ва миллий механизмлар юзасидан муҳим таклиф ва услубий тавсиялар берилган.
Мазкур услубий қўлланма давлат органлари, ташкилотлари ва мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона ва муассасаларда жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатлари билан ишлаш бўйича раҳбарларига ва масъул ходимларига амалда фойдаланиш учун тавсия этилади.