Жорий йилнинг 18 декабрь куни Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан “Муддатли меҳнат шартномасини тузишда янги тенденциялар ва хорижий тажриба” мавзусида республика онлайн илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.
Конференциядан кўзланган мақсад – ҳуқуқий жамоатчилик эътиборини амалдаги Меҳнат кодекси нормаларини ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқ ва тўғри ишлатилиши истиқболларига қаратиш, айниқса бунда иш берувчиларнинг муддатли меҳнат шартномасини тузиш ҳуқуқларининг кенгайтирилганлигини инобатга олган ҳолда амалда юзага келаётган муаммоларни танқидий таҳлил қилиш, меҳнат муносабатларида қонун устуворлиги муҳитини яратиш, меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни адолатли ва қонуний ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
Конференция иши асосий маърузалар, муҳокамалар, эркин фикр алмашиш, конференция иштирокчиларининг назарий ва амалий ишланмалари, миллий ва хорижий тажриба билан танишиш тарзида олиб борилди.
Тадбирда Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Тошкент давлат юридик университети ва бошқа бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари масъул ходимлари, суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар, амалиётчи-мутахассислар иштирок этишди.
Конференция якунлари бўйича меҳнат қонунчилигини ривожлантириш ва ҳуқуқий тартибга солиш масалаларига қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.