+998 71 200 02 35

Фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш йўлидаги ислоҳатлар

25.11.2025 538

Ҳуқуқий давлат қуриш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва конституциявий маданияти энг асосий омиллардан ҳисобланади. Чунки жамиятнинг сиёсий барқарорлиги, ижтимоий муносабатларнинг уйғунлиги ва қонун устуворлигининг таъминланиши, энг аввало, аҳолининг Конституцияни қай даражада англагани билан бевосита боғлиқдир. Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, Конституцияни осон ва тушунарли шаклда аҳоли қатламларига етказиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани бу масаланинг долзарблигини янада оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёйев таъкидлаганидек, “Ҳуқуқий маданият – бу оддий билимлар мажмуи эмас, балки фуқароларнинг онгида қонунийликни қадрият сифатида шакллантиришдир.” Мазкур ёндашув замонавий ҳуқуқий сиёсатнинг илмий асосини белгилаб, ҳуқуқий маърифатни ривожлантиришнинг стратегик аҳамиятини кўрсатади.

Ҳуқуқий билим, аввало, фуқароларнинг жамиятда амал қиладиган ҳуқуқий нормалар, уларнинг мақсади, функсиялари, қўлланиш механизмлари ва ҳуқуқий институтларнинг ўзаро алоқасини англаш қобилиятини ифодалайди. Илмий адабиётларда ҳуқуқий билимнинг ижтимоий аҳамияти қуйидаги жиҳатларда намоён бўлади:

  • фуқароларнинг ҳуқуқий хулқ-атворини тартибга солиш;
  • ҳуқуқий маданиятни шакллантириш;
  • шахснинг ижтимоий фаоллигини ошириш;
  • давлат ва жамият ўртасидаги ижтимоий ишончни мустаҳкамлаш;
  • қонун устуворлигини таъминлаш.

Демак, ҳуқуқий билим шахснинг жамиятдаги ҳуқуқий майдондаги ўрнини аниқлабгина қолмай, унинг ижтимоий жараёнларда фаоллигини кучайтиради. Бунда Конституцияни осон тушуниш муҳим ўрин тутади, чунки барча ҳуқуқий тизим айнан Конституциядан бошланади.

Конституциянинг мазмуни, тузилиши ва ундаги юридик нормаларнинг мураккаблиги уни ўзлаштиришни қийинлаштирадиган омиллардан биридир. Шу боис уни осон, содда ва оммабоп тилда талқин қилиш ҳар бир демократик давлат олдидаги долзарб вазифадир.

Конституцияни осон тушунишнинг илмий-назарий асослари қуйидаги омилларда ўз аксини топади:

Биринчидан, Конституция ижтимоий муносабатларнинг энг умумий ва фундаментал қоидаларини белгилайди. Уларни англамасдан бошқа қонунларни тўғри талқин қилиш амалда қийинлашади.

Иккинчидан, конституциявий билим фуқароларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришда бошланғич босқич сифатида қаралади. Агар шахс асосий Қомуснинг моҳиятини англаса, бошқа ҳуқуқий нормаларни ўзлаштириш жараёни анча енгил кечади.

Учинчидан, Конституцияни осон тушуниш ижтимоий адолат сезгисини кучайтиради. Фуқаролар ўз ҳуқуқлари қандай кафолатланганини билса, ҳуқуқбузарликлар камаяди, жамиятда қонунийлик ва масъулият кучаяди.

Тўртинчидан, конституциявий билим сиёсий жараёнларда фаолликни оширади. Овоз бериш, ташаббус билдириш, жамоатчилик назоратида иштирок этиш каби жараёнларда фуқаролар ўз позитсиясини онгли равишда белгилайди.

Конституцияни оммага осон англатиш фақат ҳужжат матнини соддалаштириш эмас, балки педагогик, психологик ва коммуникатив воситалар мажмуасидан фойдаланишни талаб этади.

Мураккаб ҳуқуқий терминлар оддий тилда изоҳлаб борилиши шахснинг Конституцияни тез тушунишига ёрдам беради. Масалан, “Ҳуқуқий давлат” тушунчаси “давлат органлари ҳам, фуқаролар ҳам қонун асосида иш юритадиган тизим” тарзида изоҳланиши тушунишни енгиллаштиради. Фуқароларнинг конституциявий билимини оширишда турли хил интерактив усусллар ҳам катта аҳамият касб этади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, график кўринишдаги маълумот матнга нисбатан 3–5 баравар тез ўзлаштирилади. Ҳокимият бўлиниши, давлат тузилиши, суд тизими каби мураккаб тушунчалар инфографика орқали анча осон англашилади.

Савол-жавоблар, викториналар, кейс-стадилар, мунозаралар каби фаол ўқитиш методлари конституциявий билимларни шакллантиришда жуда самарали ҳисобланади.

Ҳуқуқий билими етарли бўлган фуқаро нафақат ўз манфаатини ҳимоя қилади, балки жамият тараққиётига фаол ҳисса қўшади. Ҳуқуқий билимнинг ижтимоий жиҳатдан муҳим бўлган функсиялари мавжуд:

Яъни, фуқаролар ўз ҳуқуқларини билсалар, уларни бузилишига йўл қўймайди ва қонуний йўл билан ҳимоя қилади. Ҳуқуқий билим хулқ-атворнинг меъёрий асосларини белгилайди. Билимсиз фуқаро ҳуқуқбузарлик содир этиши эҳтимоли юқори бўлади.

Конституцияни билган шахслар сайловларда, жамоатчилик назоратида фаол бўладива ҳуқуқий онгнинг юксалиши жамиятда низолар сонининг камайишига олиб келади.

Юртимизда сўнгги йилларда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Таълим муассасаларида Конституция асосларини чуқур ўргатиш, ОАВда ҳуқуқий контентлар сонининг ортиши, давлат хизматлари соҳасида шаффофликнинг кучайтирилиши, жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилиши конституциявий билимларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, Конституциянинг янги таҳрирда қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш учун кенг имконият яратди. Инсон қадри, ижтимоий давлат, ҳуқуқий кафолатларнинг ва суд мустақиллигининг кучайиши каби тамойиллар кенг тушунтиришни талаб қилади. Бу эса илмий жамоатчилик ва таълим тизимининг масъулиятини янада оширади.

Таълим тизими — ҳуқуқий маданиятнинг энг муҳим манбаи ҳисобланади. Мактаб, коллеж, олий таълим босқичларида ҳуқуқий фанларнинг модернизатсия қилиниши ижобий натижа бермоқда. Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва жамоат бирлашмалари ҳам аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, тарғибот ишлари олиб бориш орқали муҳим рол ўйнамоқда.

Жамоатчилик фикрини шакллантиришда ижтимоий тармоқларнинг роли ҳам ортиб бормоқда. Ҳуқуқий маърифатнинг рақамли шаклларини ривожлантириш, мобил иловалар яратиш, видео шарҳлар тайёрлаш ёш авлодга Конституцияни осон тушунтиришнинг самарали воситасидир. Ҳар йили 8-декабр конституция байрами арафасида Адлия вазирлиги томонидан турли ҳил шунга ўхшаш оммабоп тадбирлар ташкил этилиб кеинади.

Фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва Конституцияни осон тушуниш ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг зарур шартидир. Конституция мазмунининг чуқур ўзлаштирилиши шахснинг ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги, масъулияти ва давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Ўзбекистоннинг бугунги ислоҳотлар даврида конституциявий маданиятни юксалтириш нафақат ҳуқуқшунослар, балки жамиятнинг барча қатламлари учун долзарб вазифа сифатида намоён бўлмоқда.

Конституцияни осон, содда ва илмий асосланган шаклда оммага етказиш  ҳуқуқий онгнинг шаклланиши, жамият барқарорлиги ва демократик қадриятларнинг мустаҳкамланишига хизмат қиладиган пойдевордир.

 

 

Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва

малакасини ошириш институти

 бош мутахассис

 Мохларойим Толипова