+998 71 200 02 35

Адлия вазирлигида мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини таъминлаш юзасидан илмий-амалий конференция ташкил этилди

17.09.2024 1619

Ҳаммамизга маълумки мамлакатимизда қилинаётган ислоҳотларнинг туб замирида инсон ва унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рўёбга чиқарилаётган аниқ чора-тадбирларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ўрни алоҳида эканлигини таъкидлаш лозим.

Сўнги йилларда давлат органлари ва ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш янгича ёндашув ва замонавий талаблар асосида йўлга қўйилди. Бу жараёнларда давлат органлари ва ташкилотларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишловчи масъул ходимларининг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилганлигини кўришимиз мумкин.

Жорий йилнинг 17 сентабр куни Адлия вазирлиги ва Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга масъул ходимлари учун “Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини таъминлаш: назария ва амалиёт” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди. 

Конференциядан кўзланган мақсад – давлат органлари ва ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самародорлигига ҳисса қўшиш, мурожаатлар билан ишлашга масъул ходимларни бу борада қонунчиликдаги янгиликлардан бохабар қилиш, мурожаатларга доир қонунчиликдаги муаммоли ҳолатларни илмий-назарий жиҳатдан таҳлил қилиш ҳамда мутахассислар ва кенг жамоатчилик ўртасида ўзаро тажриба алмашинуви майдонини яратишдан иборат.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, ҳамда бошқа бир қатор вазирлик ва қўмита вакиллари иштирок этишди.

Конференция асосий маърузалар, муҳокамалар, эркин фикр алмашиш, тадбир иштирокчиларининг назарий ва амалий ишланмалари билан танишиш тарзида олиб борилди. Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан чоп этилган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига шарҳ ва “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби” услубий қўлланма номли китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.