+998 71 200 02 35

Юристлар малакасини ошириш марказидаги хайрия тадбири

16.01.2020 3665

Ўзбекистонда ногиронлар учун муносиб шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун ҳуқуқий база яратилмоқда, инклюзив таълим ва ногиронлар учун қулай муҳит яратишга катта Эътибор берилмоқда. Шунга кўра ногиронларни мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2020 йил 16 январь куни  Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан ҳамкорликда ногирон болалар учун ижод намуналарининг кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир "Биз биргамиз" аксияси доирасида ташкил этилди.

Маълумки, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази жисмоний имкониятлари чекланган (ногиронлар, жисмоний нуқсони бўлган ҳамда асаб ва руҳияти бузилган болалар, сурункали оғир касалликлардан азоб чекувчи болалар), ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳларга кирадиган болаларни (етимлар, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қаровисиз қолган болалар, нотинч оилалар болалари), шунингдек ижтимоий мослашувда қийинчиликка эга бўлган, бироқ хатарли гуруҳларга кирмайдиган алоҳида иқтидорли болаларни (умумий махсус қобилиятли болаларни, хусусан: спортга, бадиий, илмий ва бошқа қобилиятларга эга бўлган болаларни) (кейинги ўринларда болалар деб аталади) ижтимоий мослаштириш муаммоларини ўрганувчи мустақил ташкилот ҳисобланади. Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ўз фаолиятида  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги қонунчилигига, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига, бошқа халқаро ҳуқуқларга ва ўз низомига амал қилади.

 

Марказнинг вазифаси- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлари (ногирон болалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар, шунингдек ижтимоий ва ҳуқуқий хавф гуруҳидаги болалар) учун ҳар томонлама тиббий, ижтимоий, психологик ва педагогик ёрдам ва ҳуқуқий маслаҳатлар беришдан иборат.

Марказда церебрал фалаж, Даун синдроми, аутизм, руҳий ривожланиши сустлашган каби ташҳисларга эга ва таянч ҳаракат тизими касалликлари билан хасталанган 1 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга кўмак берилади. Бу жойда тиббиёт мутахассислари, педагоглар ва реабилитологлар ҳар бир бола учун ишлаб чиқилган индивидуал ривожланиш дастури асосида иш юритадилар. Марказ хайрия ташкилоти бўлиб, бу ердаги барча хизматлар бепул кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 декабрь куни “Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 287-сонли қарори қабул қилинди. Қарор билан  Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази этиб қайта ташкил этилди.

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2009 йилдан бошлаб Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг жорий таъминотига уни молиялаштиришнинг амалдаги шартлари сақланган ҳолда алоҳида сатрда республика бюджетидан маблағлар ажратилишини таъминлайди.

Юристлар малакасини ошириш маркази профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари учун ногирон болалар ижодий гуруҳлари томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди, қўшиқ ва шеърлар айтилди. Шундан сўнг, Юристлар малакасини ошириш маркази ходимлари ва тингловчилари ногирон болалар қўллари билан яратилган амалий-безак ва тасвирий санъат асарлари намуналарининг намойиши ва кўргазмасида иштирок этдилар.

Тадбирнинг барча иштирокчилари болаларнинг тақдим этган ижодий ишлари ҳақиқий ҳунармандчилик усталари ва ривожланган истеъдодли кишиларга хос бўлган юксак маҳорат, гўзаллик ва нафосат билан ажралиб туришини таъкидладилар. Ҳар иккала ташкилот томонидан бундан кейин ҳам шундай тадбирлар мунтазам ўтказиб борилишига келишиб олинди.