2018 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун билан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар, шунингдек якка меҳнат низолари ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, тарафларнинг медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида, суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомили қўлланилиши белгиланди.
2019 йил 31 январь куни 54-мҳ-сонли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг “Медиаторларни тайёрлаш дастурини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилиниб, ушбу буйруқ билан медиаторларни тайёрлаш дастури иловага мувофиқ тасдиқланиб, медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курслари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан ташкил этилиши белгиланди. Марказда низоларни судгача ҳал этишнинг муқобил усули сифатида медиация институтининг ўрни ва аҳамиятини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган давр мобайнида белгиланган дастур асосида 22 нафар медиаторлар ўқув курслари якунига кўра Профессионал медиаторлик сертификатини олиб, Адлия вазирлигининг Профессионал медиаторлар реестрига киритилганидан сўнг медиаторлик фаолиятини амалга оширмоқдалар.
2020 йилнинг январь ойидан бошлаб Профессионал медиаторлик сертификатини олишга талабгор бўлган яна 19 нафар тингловчи юқоридаги дастур асосида махсус ўқув курсларида ўқитилмоқда, ўқув курслари назария ва амалиёт уйғунлиги асосида олиб борилмоқда. Шу нуқтаи назардан, 2020 йилнинг 29 январь куни “Фуқаровий ҳуқуқий фанлар” кафедраси мудири доц. С.А.Марипова “Медиаторлар” ўқув курси тингловчилари билан ва Ўзбекистон Ҳакамлик Судлари Ассоциацияси раиси Х.Махмудов, ҳакамлик суди судьялари Т.Бўрихаджаев, Л.Бабахаджаева, И.Бекмирзаевлар иштирокида “Низоларни ҳал этишнинг муқобил усули сифатида Медиация” ҳамда “Фуқаролик ҳуқуқий низоларни ҳал қилишда медиацияни қўллаш асослари” мавзуларида кейс-стати ва давра суҳбати ташкил этилди.
Ушбу амалий машғулот ва давра суҳбати давомида тингловчиларнинг ҳакамлик судида иш юритишнинг медиация тартиб-таомилидан фарқли жиҳатлари, медиаторларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва мажбуриятларига доир саволларига амалий мисоллар асосида жавоблар берилди.