+998 71 200 02 35

КОНСТИТУЦИЯДА ДАВЛАТНИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ МАЖБУРИЯТЛАРИ БЕЛГИЛАНИШИ - ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИМИЗ КАФОЛАТИ

15.05.2023 1569

Маълумки, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолат бермоқда. Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

Конституцияда илгариги “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартирилганлиги, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилинганлиги нафақат ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлади, балки уларни амалга оширишнинг реал имкониятларини таъминлаш чора-тадбирларини, кафолатларини ҳам яратди.

Буни биз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасиданоқ “Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи,инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлигимизни тантанали равишда эълон қилиб” деган сўзлардан бошланишидан кўришимиз мумкин.

Конституциянинг иккинчи бўлими Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган бўлиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади этиб белгиланганлиги ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқларини кафолатлаш механизми, мутлақо янги масала ва йўналишлар акс этган оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошганлигини кўриш мумкин. Хусусан, 54-моддада илк бор “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” ва 56-моддада “Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шароитлар яратади” деб белгиланди. Шунинг баробарида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ҳуқуқий нормаларнинг тўғридан-тўғри амал қилиши мумкинлиги бизнинг ҳуқуқий амалиётимизда мутлақ янги воқеликдир.

Инсоннинг ажралмас ҳуқуқлардан бири – ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқидир. Бу умумэътироф этилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб берилган ҳуқуқдир. Айни пайтда Конституциянинг 55-моддасига янги хатбоши киритилиб, унга кўра “Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли” деб муҳрланди.

Қонунчиликда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган. Шахснинг бузилган ҳуқуқ ва эркинларини тиклаш масаласи унинг ҳаётида ўта муҳим ўрин тутганлиги сабабли, судлар томонидан чиқарилган қарорларни апелляция, кассация ёки назорат тартибида қайта кўриб чиқиш институтлари жорий этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон аъзо бўлган БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид умумътироф этилган халқаро хужжатларида шахснинг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқлар камситилганда ҳамда ирқий, аёлларга, болалар, ногиронларни камситиш ҳолати, қийноқлар жазолашнинг шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турлар қўлланилганда фуқаро унинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган ҳолларда ҳуқуқларини тиклаш мақсадида БМТнинг тегишли қумиталарга мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланган.

Бунинг асосий шарти шундаки, фуқаро халқаро органларга мурожаат этиши учун, ушбу ҳуқуқ шахсга ўз давлатида яратилган барча ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан ҳам қониқмаган тақдирда, ўз ҳақ-ҳуқуқларини халқаро даражада ҳимоя қилиш ва низолашаётган масаласини халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда ҳал қилиш имкониятини яратади.

Шахсга давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлганидан сўнг, халқаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқининг берилаётганлиги Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилаётгани унинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига хизмат қилади ҳамда  инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш борасида қўшимча конституциявий-ҳуқуқий кафолати ҳисобланади.

Конституциядаги мутлақо янги нормалардан яна бири — 57-модда. Унга кўра меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради. Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши аниқ белгилаб берилди.

Ушбу нормалар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг давлат кафолатларини мустаҳкамлаш имконини яратади, шунингдек халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш ва халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг ижобий имиджини шакллантириш учун шароитлар яратишга хизмат қилади.

РАХМАНОВ ШУХРАТ

Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази

кафедра мудири, юридик фанлари номзоди, доцент