+998 71 200 02 35

Инновацион фаолиятда янги давр...

20.08.2020 3246

Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби фан ва таълим соҳасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бир неча йиллардан буён муҳокамаларда бўлган ва 2020 йил 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан измоланган «Инновацион фаолият тўғрисида"ги 6 боб, 39 моддадан иборат бўлган қонун мамлакатимизда инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди. Ушбу қонуннинг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад, мамлакатимизда инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, илмий-техник салоҳият самарадорлигини ошириш, инновацион ишланмаларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларига кенг жорий этилишини рағбатлантириш орқали иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишдан иборатдир.

Барчамизга маълумки, дунёдаги йирик корхоналар, корпорациялар ва ташкилотлар томонидан асосий эътиборни инновацияларни қўллаб-қувватлашга қаратиши, инсон капитали салоҳиятидан унумли фойдаланиши эвазига дунё бозори янги ишланмалар, маҳсулот, хизматлар, дастурий маҳсуллар ва кўплаб ноу-хоулар билан тўлдирилмоқда. Ушбу ишланмалар ва маҳсулотлардан фойдаланиш инсоният турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилмоқда ҳамда давлат, шахсий ва оила бюджетига кўплаб даромад келтирмоқда. Натижада тадбиркорлик субъектларининг инновапцияларга капитал қуйилмалар киритишига қизиқиш ортиб бормоқда.

Ўзининг инновацион лойиҳалари билан сўнгги ўн йилликда энг мувафаққиятли фаолият олиб борган инсонлардан бири Америкалик инвестор ва бизнесмен Илон Маск ёш бўлишига қарамасдан инновацияга жуда катта эътибор бермоқда. У ўз фаолияти давомида 15 та инновацион лойиҳаларга (Zip2, PayPal, Tesla, SpaceX, SolarCity)  инвестиция киритган бўлса шулардан фақат биттасидан фойдасиз, 3 та лойиҳадан “ноль” баланс билан чиққан ва умумий олганда 266 млн. доллар инвестиция киритиб, ўз даромадини 328 млн. долларга кўпайтирган. Бугун, бу каби йирик лойиҳаларга қўл ураётган бизнесменлар ва давлатлар томонидан қўллаб қувватланаётган инновацион фаолиятларга кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.

Мамлакатимизда қабул қилинган  «Инновацион фаолият тўғрисида"ги қонун ушбу йўналишга хусусий инвестицияларни кўпайтириш ҳамда уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратилиши истиқболда инновацион фаолиятнинг тараққий этишига замин яратади.             Қонуннинг 10- моддаси инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш инновацион фаолиятни амалга оширувчи субъектлар учун зарур ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш, инновацион лойиҳалар ҳамда янги ишланмаларни молиялаштириш масалаларини тартибга солишни назарда тутади. Бунда, давлат томонидан белгиланадиган аниқ стратегия асосида норматив-ҳуқуқий хужжатларни ишлаб чиқиш, инновацион фаолиятни қўллаб қувватлаш мақсадида инновацион фаолият билан шуғилланувчиларга солиқ, божхона имтиёзлари ва преференциялар тақдим этиш, инновацияларни яратишга оид давлат буюртмасини бажаришда фаолият турларини молиялаштириш, ва бу жараёнларга хўжалик юритувчи субъектлар маблағларини жалб қилиш учун шарт-шароит яратиш каби кўплаб имкониятлар яратилмоқда.

Бундан ташқари, қонунда инновацион фаолият субъектларнинг аниқ белгилаб берилганлиги, унда давлат ваколатли органлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва мулкчилигидан қатъи назар янги ишланмаларни яратадиган, жорий этадиган ва инновациялардан фойдаланадиган илмий, илмий-тадқиқот, олий таълим, ишлаб чиқариш ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, жисмоний шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, инвесторлар ва тадбиркорлик субъектларининг қонунда назарда тутилиши, инновацион фаолиятнинг барча иштирокчиларини қамраб олади ва улар фаолиятига қонуний асос бўлиб хизмат қилади.

Қонуннинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, инновацион фаолиятни молиялаштиришда нафақат давлат ва маҳалиий бюджетлар, янги ташкил этиладиган “Инновацион ривожланишни ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси”, Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари, халқаро грантлар, тижорат банкларининг, шу жумладан чет эл банкларининг ва халқаро молия институтларининг мақсадли кредитлари, хусусий инвесторлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларнинг иштирок этиши келажакда бу фаолият турининг ҳам янги ишланмаларни мамлакатимизда ишлаб чиқилишига, ҳам катта даромад манбаига айланишига туртки бўлади.

Хулоса ўрнида, қайд этиш жоизки, бугунги кунгача Ўзбекистонда инновацион фаолиятдан олинадиган даромадлар ЯИМ нинг қарийб 2% ни ташкил этади  ва бу фаолиятда асосий инвестор давлат бўлиб қолмоқда. Инновацион фаолиятни тартибга солиш мақсадида қабул қилинган мазкур қонун истиқболда соҳа тарақиётида хусусий бизнес вакиллари ва хорижий инвесторларни инновацион фаолиятдаги иштироки улушини ошириш ҳамда ЯИМ таркибида инновациялардан олинадиган даромадлар миқдорини кўпайиши, иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошишига хизмат қилади

Учқун Абдуғаниев

Юристлар малакасини ошириш

маркази  масъул ходими