+998 71 200 02 35

Табиий бойликларни ҳимоялашнинг айрим ҳуқуқий асослари

06.09.2021 2388

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясининг ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қаторида, аҳолининг коммунал-маиший хизматлар билан, хусусан электр энергияси, табиий газ ва тоза ичимлик суви билан таъминлашни тубдан яхшилаш, уларни тежаш, шунингдек, одамларнинг экологик хавфсиз муҳитда яшашини таъминлаш белгиланган.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш йўналишида, мамлакатимизда бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва кўзга ташланадиган ислоҳотлар амалга оширилган. Жумладан, аксарият жойларда аҳолининг коммунал-маиший хизматлар билан таъминланиш даражасини оширилди, янги ичимлик суви тармоқлари қурилди, аҳолини электр энергия билан таъминлаш яхшиланди, узоқ манзиллардаги аҳолига газ етказилди. Бироқ, ушбу яратилган шароитларга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан ушбу табиий ресурслардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари учраб турмоқда. Бу ўз навбатида, нафақат аҳолининг коммунал-маиший хизматлар билан тўғри таъминлашга, балки табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланишга салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, миллий қонунчиликда “Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш” (МЖтКнинг 101-моддаси) ва “Водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш” (МЖтКнинг 163-моддаси) учун маъмурий жавобгарлик ҳамда “Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш” (1852-моддаси) учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасида назарда тутилган “Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш» ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жавобгарлик, айбдор томонидан умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш натижасида келиб чиқади. Мазкур ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бинобарин, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилган бинолар ҳамда иншоотларни электр энергияси, иссиқлик ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан электр, иссиқлик ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, мансабдор шахсларга — базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш бараваридан саксон беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 163-моддасида назарда тутилган “Водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш” ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жавобгарлик, айбдор томонидан водопровод тармоқларига (сув таъминоти тармоқларига) ўзбошимчалик билан уланиш ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, ер ишлари ва бошқа ишларни бажараётганда водопровод тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу ҳол уларнинг шикастланишига сабаб бўлса ёхуд совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, ҳудди шунингдек бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш натижасида келиб чиқади ва фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу модданинг иккинчи қисмига кўра эса, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилган биноларни водопровод (сув таъминоти) ташкилотлари томонидан водопровод тармоқларига (сув таъминоти тармоқларига) улаш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш бараваридан саксон беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур соҳадаги муносабатларга зарар етказиш учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида оғирроқ жавобгарликни назарда тутувчи 1852-модда мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 1852-моддасида “Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш” учун жиноий жавобгарлик, айбдор шахс томонидан, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газ, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш оқибатида келиб чиқади. Шу билан бирга, жавобгарлик шарти сифатида айбдорнинг шундай ҳаракатлар учун, илгари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилиши белгиланган. Ушбу модданинг биринчи қисми бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари жазо тариқасида назарда тутилган. Мазкур, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 1852-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари бўйича жиноий жавобгарлик шарти сифатида, ушбу қилмишлар “анча миқдорда”, “кўп миқдорда” ёки “жуда кўп миқдорда” зарар етказган ҳолда содир этилиши белгиланган. Шу билан бирга, қонун чиқарувчи мазкур модданинг бешинчи ва олтинчи қисмларида, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмасликни ёҳуд биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи рағбатлантирувчи нормаларни келтирган.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси жиноят ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликларнинг мавжудлиги, айрим фуқароларимиз томонидан, ушбу табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларга қарши содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликларни олдини олишда муҳим роль уйнайди.  Бинобарин, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 24 ноябрдаги ПФ-6118-сонли Фармоннинг 15-бандига мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан бошлаб электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси эса ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши бўйича янги тартиб ўрнатилди.

Рафик Шакуров

Юристлар малакасини ошириш маркази катта

ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди