+998 71 200 02 35

СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР (1336-1405) ТАВАЛЛУДИНИНГ 684 ЙИЛЛИГИГА

09.04.2020 4771

Амир Темур – ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан биридир. Соҳибқирон таваллуд топган кун мамлакатимизда ҳар йили кўтаринки руҳда кенг нишонланади. Бу йил улуғ саркарда таваллудига 684 йил тўлди.

Ҳозирги кунда Амир Темур ва темурийларнинг миллий давлатчилик, илм-фан, маданият, бунёдкорлик ва бошқа соҳалардаги улкан меросини ўрганишга қизиқиш жаҳон миқёсида тобора ортиб бормоқда. Юртимиз ва хорижда темурийларнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссасига оид кўплаб бадиий, публицистик асарлар яратилмоқда, илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Буларнинг бари Соҳибқирон Амир Темур шахсияти ва уни улғайтирган замин, тарихий шарт-шароитга доир янги-янги қирраларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асари ҳуқуқий манба сифатида ўз давридаёқ амалда бўлган “Тузуклар”да давлат мансаблари, давлат хизмати, уларни ташкил қилиш улар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар юридик жиҳатдан тартига солишда ўз ўрнига эга бўлган. Шунинг учун у бугунги кунда ҳар фуқаронинг, ҳатто раҳбарларнинг маънавий юксалишда “Тузуклар” муҳим ўринни эгаллаган.

Адолат кучда эмас, куч адолатдадир, деган шиор Амир Темур салтанатининг барча ҳудудларида ахлоқий-маънавий мезонга айланган. Улуғ аждодимиз ўз тузукларида “...амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нима олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (эса олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар”, деб ёзади. Ана шундай адолат асосида ўрнатилган тартиб-таомиллар мамлакатда тинчлик-осойишталикни таъминлаган, одамларни ҳалол меҳнат қилишга, тадбиркорлик, яратувчанлик руҳи билан яшашга ундаган.

Таъкидлаш ўринлики, илдизлари мусаффо булоқлардан сув ичган ниҳоллар яйраб-яшнаб кўкка бўй чўзаверади. Буюк аждодлардан мерос қадриятлар қондан қонга ўтиб, авлодлар тийнатида яшайверади. Бугун ҳам Соҳибқироннинг мардлик, жасорат, адолат, тадбиркорлик, ватанпарварликка йўғрилган эзгу фазилатлари мамлакатмиз Президенти юритаётган сиёсатда яққол намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш маркази директорининг

биринчи ўринбосари юридик фанлар доктори, профессор

Отажонов Аброржон Анварович