+998 71 200 02 35

БАЙРОҚ ДАВЛАТ РАМЗИ ВА ХАЛҚ ИФТИХОРИ

17.11.2021 3154

 

Байроқ давлатнинг белгиси ва рамзларидан бири ҳисобланади.  Унинг ҳуқуқий асоси  бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганига 30 йил тўлди. Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзида Ўзбекистон деган давлат борлигини англатади. Байроқ ўзида тарихий, миллий-маданий анъаналаримиз, маънавиятимизни мужассамлаштирган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда, сиёсий жараёнларда, қолаверса ижтимоий ҳаётда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, анжуманларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасини тараннум этиб туради.

Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизнинг хараеттерини мужассам этган. Байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, халқаро ташкилотлар, элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туради.

Турли байрам ва тантаналарда, халқаро миқёсдаги тадбирларда Ватанимиз шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Айниқса, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига  юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз, байроғимиз орқали бизни дунё эътироф этади.

Давлат рамзи сифатида  байроғимиз халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимизни ифода этади.

Давлат рамзлари, жумладан байроғимиз ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки, рамзлар халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган, Она-замин билан уйғунликда,  Ватан деган буюк туйғуни қалбга жойлаш орқали, тириклик дунёсида яшаш бахтини ато этади.

Миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналади. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини босқинчилар қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Бу мардлик байроққа бўлган садоқат ўз навбатида юртга, халққа бўлган садоқатни англатади.

Ўзбекистон Республикаси “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунининг Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари томонидан ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши устидан назорат эса ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар нарсадан устунлигини англатиб, эслатиб туришини доим ёдда тутишимиз зарур. Қонунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шартлиги қатъий белгиланган. Ҳурматсизлик қилиш деганда, давлат рамзини қасддан ёқиб юбориш, йўқ қилиш, унга шикаст етказиш, ахлоқсизлик намойиш этиш назарда тутилади. 

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-моддасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган байроқлар ва вимпеллардан жамоат жойларида фойдаланиш, худди шунингдек мазмуни давлат ва жамоат тартибига, фуқароларнинг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига зарар етказишга қаратилган плакатлар, эмблемалар ва рамзларни тайёрлаш, тарқатиш ёки тақиб юриш,  203-1-моддасида эса   Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга нисбатан тегишли жавобгарликлар белгиланган.

Байроғимизга ҳурмат кўрсатиш, унинг қабул қилинганлиги муносабати билан турли тадбирлар ўтказиш орқали яна бир бор ғурур ҳиссини кучайтириш, байроғимиздан доимий равишда ғурурланиб юришимиз, уни эъзозлашимиз, кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиб қолиши керак, чунки байроқ-миллат шаънидир.

 Бобоқул Тошев

Юристлар малакасини ошириш

маркази кафедра мудири