Мамлакатимизда бозор механизмларига ўтиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг маъмурий юкини ва ҳаражатларини камайтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, қонунчилик ҳужжатларини сифатини ошириш ва соддалаштириш, чуқур ўйланган ҳамда ҳисоб-китоб қилинган қарорлар қабул қилиш имконини берувчи “ақлли тартибга солиш” усулларини жорий этиш бўйича тизимли фаолият олиб борилмоқда.
Шу боис, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг қабул қилиниши натижасида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатларни аниқлаш ва баҳолаш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш мақсадларига эришилганлигини, самарадорлигини аниқлашга қаратилган чора-тадбирларни бевосита амалга ошира оладиган мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда Юристлар малакасини ошириш марказида Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича махсус ўқув курслари бўлиб ўтмоқда.
Қирқ тўрт соатга мўлжалланган мазкур ўқув курсларида босқичма-босқич жорий йилнинг август-сентябрь ойларида давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларда тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятини амалга оширувчи 150 га яқин масъул ходимларини мазкур соҳа бўйича билим доирасини кенгайтириш, ўзлаштирган назарий билимларини амалий машғулотларда мустаҳкамлаш режалаштирилган.
Ўқув курсларини сифатли ва юқори савияда ташкил этиш мақсадида мазкур соҳада бой амалий тажрибага эга бўлган миллий ва халқаро экспертлар жалб этилган.
Ўқув курслари натижалари бўйича сертификат берилади.
Ўқув курслари тўғрисида қўшимча маълумот учун
Юристлар малакасини ошириш марказига
(71-200-02-35) ёки
Адлия вазирлигининг Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармасига (71-207-04-99) мурожаат қилишингиз мумкин.