Жойларда кадрлар малакасини оширишнинг сифатини яхшилаш, тингловчиларга ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрда “Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 544-сон қарорига асосан Юристлар малакасини ошириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали ташкил этилди.
Юристлар малакасини ошириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали Адлия вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси юридик техникуми биносида, Нукус шаҳри, Хўжайли гузари, рақамсиз уй да жойлашган.
Филиалнинг мақсади
Филиалда мутахассисликлар бўйича ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказишнинг талаб қилинадиган даражасини таъминлаш, давлат бошқаруви органлари ва ҳўжалик бирлашмаларининг ҳудудий бўлинмалари ва ташкилотлар кадрларининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган эҳтиёжларини ўрганиш, ўқув курсларига жалб қилиш, ўқитишнинг илғор усуллари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, филиал фаолиятини ташкил этишнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Филиалнинг асосий вазифалари
Замонавий шароитларда кадрларнинг касбий билим ва савиясига қўйилаётган талабларни ҳисобга олиб, жойларда ишдан ажралмаган ҳолда ўқитишнинг инновацион методлари ва педагогик технологияларини, шу жумладан ахборот технологиялари имкониятларини кенг қўллаш орқали малака ошириш курсларини ташкил этиш.
Масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини онлайн режимида ўтказилишини таъминлаш.
Хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг меҳнат бозорида ҳуқуқий билимларини ошириш талаб қилинадиган ўзга соҳа мутахассислари малакасини оширишга қаратилган қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш.
Филиалда малака ошириш курси тингловчилари учун тегишли вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда доимий асосда интерфаол машғулотлар, давра суҳбатлари ва ўқув-амалий семинарларни ташкил этиш.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича вазирлик ва идоралар, ҳўжалик бирлашмаларининг ҳудудий тузилмалари ҳамда жойлардаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатиш.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича малака ошириш курсларида ўқиш истагини билдирган талабгорлар билан алоқа ўрнатиш, улар билан шартномалар тузиш.
Малака ошириш курсларига жалб қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси бўйича кадрлар бозорини таҳлил қилиб, талабгорларнинг мавжуд эҳтиёжларини ўрганиш, уларни излаш ҳамда янги йўналишлар бўйича қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш.
Малака ошириш курслари ва ўқув-амалий семинарлар жараёнида аниқланган муаммолар бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш.
Юристлар малакасини ошириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали замонавий таълим технологияларини қўллаш орқали ҳамда халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда адвокатлар, нотариуслар, юрисконсультлар, патент вакиллари, медиаторлар ҳамда юридик соҳага оид билим талаб этиладиган бошқа соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий соҳадаги билимларини оширишга қаратилган малака ошириш курсларини ташкил этиш юзасидан ҳамкорлик қилишни таклиф этади.