+998 71 200 02 35

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини сайлов комиссиялари томонидан кўриб чиқиш хусусиятлари

15.06.2021 2341

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 35-моддасига кўра ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 44-моддасига кўра ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Сўнгги йилларда сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган бир қанча муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Сайлов қонунчилигидаги яна бир муҳим ўзгаришлардан бири Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг қабул қилиниши билан боғлиқ бўлиб, ушбу кодекснинг қабул қилиниши билан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги ариза (шикоят)ларни кўриб чиқиш тартиблари ҳам такомиллаштирилди деб айтишимиз мумкин. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд тартиби ҳам актив (ижобий) ҳуқуқий механизм сифатида самарали бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 101-моддасига кўра, сайлов комиссиялари сайлов кампаниясини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу Кодекс талаблари бузилганлиги ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт.

Мурожаатлар қайдлар дафтарида рўйхатга олиниши лозим. Сайлов комиссиясининг раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун тегишли комиссияни ушбу Кодексда белгиланган муддатларда чақиради ва унинг мажлисини ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган участка сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаат уч кунлик муддатда тегишли органларга мурожаат юборган шахс бу ҳақда хабардор қилинган ҳолда юборилади.

Мурожаатни кўриб чиққан сайлов комиссиялари аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилиши шарт.