+998 71 200 02 35

Юристлар малакасини ошириш марказида ташкил этилган “Интеллектуал мулк ҳуқуқи қонунчилигини такомиллаштириш: назария ва амалиёт муаммолари” мавзусидаги республика анжумани

16.04.2021 3753

Маълумки, Интеллектуал мулк  ҳуқуқи қуйидаги соҳадаги фаолиятни ҳуқуқий тартибга солади:

патент ҳуқуқи (ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси, селекция ютуқлари);

товар белгилари (товар келиб чиққан жой, географик номлар, хизмат кўрсатиш белгилари);

муаллифлик ҳуқуқи (фан, адабиёт ва санъат асарлари);

турдош ҳуқуқлар (эфир  орқали кўрсатув ва эшиттирувчи ташкилотлар, ижрочи, артист, раққос, сўз устаси ва бошқалар).

Бугун республикамизда интеллектуал мулк ҳуқуқига оид мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган, халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган, соҳага оид давлат сиёсати олиб борилмоқда ҳамда муаллифлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Кейинги йилларда интеллектуал мулкни ҳимоя қилишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва  тегишли давлат бошқаруви йўлга қўйилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувининг такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4168-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва белгиланган устувор вазифаларни ҳал этиш мақсадида интеллектуал мулкнинг самарали ҳимоясини таъминлаш бўйича “йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”  ПҚ-4380-сон қарори қабул қилинди.  Интеллектуал мулк ҳуқуқини муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида Агентлик Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

Соҳага оид ҳуқуқий ахборотларни тарқатиш халқаро доирада интеллектуал мулк объектлари яратувчилари бўлган муаллифларнинг эътироф этилиши, уларнинг меҳнати қадрланишига кенг имкониятлар яратади.

Хусусан, 1996 йил 22-23 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида мамлакатимизнинг 300 дан ортиқ вакиллари иштирокида ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳида “Амир Темур ва темурийларнинг инсоният цивилизацияга қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Конференция якунида Ўзбекистон ташаббусига кўра ЮНЕСКО томонидан «23 апрель-Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни» деб белгиланди. Ҳар йили ушбу кун дунё жамоатчилиги томонидан байрам сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Муаллифлик ҳуқуқи нафақат бир мамлакат ҳудудида, балки у бутун дунёда бир хилда ҳимоя қилинади, шунинг учун ҳам халқаро конвенциялар қабул қилинган. 1886 йилда буюк мутафаккир ва ёзувчи Виктор Гюго ташаббуси ҳамда раҳбарлигида бир гуруҳ Европа олимлари ва ижодкорлари томонидан “Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Бернь конвенциясига асос солинган. Мазкур конвенция фан, адабиёт ва санъат асарлари ҳамда уларнинг муаллифлари ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган универсал халқаро шартномалардан биридир. Бугун дунёнинг 190 дан ортиқ давлати ушбу конвенциянинг аъзоси ҳисобланади. Республикамиз мазкур конвенциянинг аъзоси ҳисобланади, 2005 йил 19 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда конвенцияси нормалари қўллана бошланди.

Бундан ташқари Ўзбекистон 2019 йилнинг 17 июль куни Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг 1996 йил 20 декабрдаги “Ижролар ва фонограммалар бўйича шартнома”си ҳамда “Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги шартнома”си, 1971 йил 29 октябрда Женева қабул қилинган«Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммаларини ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги конвенциясининг аъзоси бўлди.

Интеллектуал мулкнинг таркибий қисми сифатида муалллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган барча асарлар соҳалар бўйича 10 дан ортиқ халқаро конвенция ва универсал шартномалар билан муҳофазага олинган. Бу халқаро ҳужжатларни Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) маъмурий бошқарувини амалга оширади. БИМТ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимида бўлиб, у 1970 йил 26 апрелдан бошлаб расман фаолият юритмоқда. Шу боис, “26 апрель-Халқаро интеллектуал мул куни”  сифатида бутун дунёда кенг нишонлаб келинади. Ташкилотга  1974 йилда ҳукуматлараро халқаро ташкилот мақоми берилган. Ўзбекистон 1991 йилдан мазкур ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.

Мамлакатимизда муаллифларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, Президентимизнинг 2017 йил 14 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3201-сон қарори  билан “Фан, адабиёт ва санъат асарлари нашр этилганлиги учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари” белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2018 йил 5 апрель куни “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3652-сон қарори қабул қилинган ва қарорда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Уюшма билан биргаликда ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк  шаклидан қатъи назар, барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, электрон ОАВ, нашриётлар томонидан муаллифлик гонорари тўлашни қонуний асосда таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш вазифаси юкланган.

Ўзбекистон Республикаси Президента Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йил 12 октябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги видеоселектор йиғилишида амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш мамлакатимизнинг жаҳон интеграциясидаги асосий омил эканлиги таъкидланди. Ҳали  амалга ошириладиган ишларнинг кўлами кенглиги, соҳага оид қонунчиликни қўллашда муаммолар мавжудлиги, соҳага оид ҳуқуқий билим бериш тизимининг етарлича йўлга қўйилмагани, халқаро алоқаларни кучайтириш, амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, ҳимоя қилишнинг институционал асосларини жорий этиш зарурияти билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди ва мутасадди идораларга топшириқлар берилди.

Топшириқлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 январдаги “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4965-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан Интеллектуал мулк муҳофазасини мустаҳкамлаш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”, Интеллектуал мулк (ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуқлари) соҳасини ривожлантириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган амалий ишлар дастури тасдиқланди.

Вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг биринчи раҳбарлари зиммасига “Йўл харитаси” ва Дастурда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юкланди.

2021 йил 1 июнга қадар давлат бошқаруви органлари ва давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзларига тегишли бўлган интеллектуал мулк (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар ва саноат мулки) объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириши белгиланди.

 Юристлар малакасини ошириш марказида жорий йилнинг 16 апрель куни “Интеллектуал мулк ҳуқуқи қонунчилигини такомиллаштириш: назария ва амалиёт муаммолари” мавзусидаги республика анжумани ташкил этилди.

Анжуманда Фуқаролик кодексининг янги лойиҳасида интеллектуал мулкка оид нормаларни такомиллаштириш, Интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг институционал асослари ва механизмларини жорий этиш, Интеллектуал мулк объектларини республика ҳудудига олиб кириш ва республикадан олиб чиқишда божхона режимини қўллаш масалалари, Интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификация қилишнинг назарий ҳамда амалий масалалари, Муаллифлик ҳуқуқини амалга оширишда шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалалари мавзуларида маърузалар қилинди.

Интеллектуал мулк ҳуқуқига оид давлат ҳуқуқий сиёсати асослари, интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш, интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қонунчиликни ривожлантириш, тизимлаштириш, унификация қилиш ва кодификациялаш, соҳага оид ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ва жавобгарлик, низоларни судда кўриш амалиёти, ҳуқуқ эгаларининг мулкий ҳуқуқларини бошқариш, интеллектуал мулк ҳуқуқига оид республикамиз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажариш йўллари, интеллектуал мулк ҳуқуқини ўқитиш ва тадқиқ этиш билан боғлиқ  масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Анжуман якунида соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектлари яратувчиларининг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш,  ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтириш, соҳага оид ҳуқуқий таълим ва тадқиқотни ривожлантириш бўйича керакли тавсиялар ишлаб чиқилди.