Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сон қарорига биноан ташкил этилган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, мамлакатимизда ҳуқуқий давлатни барпо этиш йўлида муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Зеро, ушбу институт нафақат юридик соҳага оид билимларни янгилаш ва бойитишга хизмат қилади, балки адолат, қонун устуворлиги ва шаффофлик тамойилларини ҳаётга чуқурроқ сингдиришга хизмат этади. Бу даргоҳда етишиб чиқаётган мутахассислар замонавий ёндашувлар, халқаро тажрибалар ва инновацион билимлар билан қуролланиб, халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, давлат ва жамият ўртасида адолатли кўприк бўлишда асосий кучга айланади. Шу маънода, институт нафақат касбий малака ошириш маскани, балки ҳуқуқий тафаккурни янгиловчи, адолатга интилиш рамзига айланган янги маънавий ва интеллектуал майдондир.
Институт фаолиятининг асосий йўналишлари ва вазифалари юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдан иборат бўлиб, бу жараёнга адлия органлари, адвокатура, нотариат, медиация, суд экспертизаси, архив иши, ҳуқуқ фани ўқитувчилари ва бошқа мутахассислар қамраб олинади. Шу билан бирга, дуал таълим тизими жорий этилиб, назарий билимлар амалий курслар билан уйғунлаштирилади, инновацион ёндашув сифатида электрон таълим платформалари, масофавий курслар ва симулатсион машғулотлардан фойдаланилади. Институт ҳуқуқий сиёсат, рақамли ҳуқуқ, киберхавфсизлик ва халқаро ҳуқуқий тажриба соҳаларида илмий-амалий тадқиқотларни ривожлантириш билан бир қаторда, хорижий олий таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан қўшма дастурлар орқали халқаро ҳамкорликни ҳам кенгайтириб бормоқда.
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти бугунги кунда нафақат ҳуқуқ соҳаси мутахассислари, балки жамиятнинг турли қатламларига мансуб касб эгалари учун ҳам билим манбаи, ҳуқуқий тафаккурни юксалтирувчи маскан сифатида майдонга чиқмоқда. Институтнинг асосий контингенти жуда кенг қамровли: адлия органлари ва муассасалари ходимлари, адвокатлар, нотариуслар, юридик хизмат мутахассислари бу ерда ўз малакасини оширади. Шунингдек, суд экспертизаси, архив иши, ижро интизоми ва мурожаатлар билан ишлаш соҳасида фаолият юритаётган ходимлар ҳам замонавий билимлар ва амалий кўникмаларга эга бўлиб чиқмоқда. Медиация ва интеллектуал мулк соҳаларида ташкил этилган курслар эса ҳуқуқий жараёнларнинг энг нозик қирраларини ўрганиш имконини бермоқда. Институт юридик кадрларни халқаро стандартлар асосида ўқитишни йўлга қўяр экан, олий маълумотли шахсларни ҳуқуқий мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш орқали уларни жамият эҳтиёжларига мослаб етиштирмоқда. Бундан ташқари, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берадиган педагогларнинг малакасини ошириш, профессионал ва олий таълим тизимида ҳуқуқий билим бераётган педагогларни янги билимлар билан ўқитиш ҳам институт фаолиятининг ажралмас қисмига айланган. Бу жараёнда фақат ҳуқуқ соҳаси вакиллари эмас, балки турли соҳа эгалари учун ҳам ҳуқуқий мавзуларда махсус машғулотлар ташкил этилиб, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг юксалишига кенг йўл очилмоқда. Демак, Институт бугун оддий бир ўқув муассасаси эмас, давлат ва жамиятни ҳуқуқий ислоҳотлар сари етакловчи кучли маънавий ва интеллектуал марказ сифатида шаклланмоқда.
Атиги қисқа муддат ичида Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти юртимиз ҳуқуқий таълим майдонида сезиларли из қолдирди: 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида 16 мингдан ортиқ тингловчи янги билим ва кўникмаларга эга бўлди, 281 нафар фуқаролар йиғини раислари медиация сирларини ўрганди, 6,5 мингдан зиёд ҳуқуқ фани ўқитувчилари замонавий ёндашувлар билан қуролланди, мартаба чўққисига интилаётган 572 нафар ходимлар билимларини мустаҳкамлади, 547 нафар “Маҳалла еттилиги” вакиллари ҳуқуқий саводхонлигини оширди, 315 нафар архив ходимлари эса ўз касбий салоҳиятини қайта тиклади. Ушбу рақамларнинг ҳар бири оддий статистика эмас, балки институтнинг қисқа фурсатда қандай салмоқли натижаларга эришганини, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида қандай муҳим вазифани бажараётганини яққол тасдиқловчи далиллардир.
Институт бугунги тезкор ва рақамли давр талабларини чуқур ҳис этган ҳолда, таълим жараёнини инновацион ташаббуслар билан бойитиб, уни янада самарали қилиш йўлидан бормоқда. “Рақамли институт” платформасининг ишга туширилиши тингловчиларга нафақат ўз билим даражасини мустақил баҳолаш, балки шахсий ривожланиш дастурини тузиш, ўзини мунтазам равишда таҳлил қилиш имконини беради. Эндиликда давлат хизматчилари ва ҳуқуқ соҳаси вакиллари яшаб турган ҳудудидан қатъи назар, online курслар ва масофавий таълим тизими орқали билим олиш имкониятига эга бўлмоқда — бу эса таълимни янада демократик, эркин ва ҳаммабоп қилади. Шунингдек, институт Legal Tech йўналишида бутунлай янги курсларни жорий этиб, сунъий интеллект, big data, смарт-шартномалар ва блокчейн ҳуқуқи каби энг илғор соҳаларда мутахассислар тайёрлашни бошлади. Бу нафақат ҳуқуқий тафаккурни кенгайтиради, балки ҳуқуқшуносларни келажак технологиялари билан уйғунлаштириб, уларни янги даврнинг талабларига мослашишга чорлайди. Симуляцион машғулотлар ва case-студй тизими эса назарияни амалиёт билан боғлаб, ҳуқуқий вазиятларни жонли мисоллар орқали ҳал этиш кўникмаларини мустаҳкамлайди. Шундай қилиб, Институт нафақат анъанавий таълим берувчи маскан, балки ҳуқуқий тафаккурни инновацион руҳда янгиловчи, келажак ҳуқуқшуносларини замонавий дунё билан уйғунлаштирувчи ҳақиқий интеллектуал майдонга айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
ҳузуридаги юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва
малакасини ошириш институти
Педагоглар маркази ўқитувчиси
ЁҚУБЖОНОВ Маъруфжон Одилжон ўғли