Бугунги кунда замонавий глобал муҳитда инглиз тилини билиш юридик соҳада ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳуқуқий тизимда муваффақият қозониш учун инглиз тилини билиш кўплаб янги имкониятларни очади. Халқаро ҳуқуқ, хорижий ҳужжатлар билан ишлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун юристлар инглиз тилини мукаммал билиши талаб этилади.
Ҳуқуқ соҳасида фаолият юритувчи ҳар бир мутахассис учун инглиз тилини ўзлаштириш замонавий профессионал талабларнинг ажралмас қисмидир. Ҳеч кимга сир эмаски, инглиз тили бугунги кунда дунёдаги энг кенг тарқалган тил ҳисобланади. Маълумотларга кўра, 2025 йил феврал ҳолатида интернетдаги маълумотларнинг деярли 50 фоизи инглиз тилида.
Шу сабабли, Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан Адлия вазирлиги ва Марказ ходимлари учун бошланғич инглиз тилини билиш кўникмасини ошириш бўйича "Юридик инглиз тили “Elementary” (CEFR A1-A2)" даражаси ўқув курси ташкил этилди.
4 ой давом этган дарс машғулотлари коммуникатив ёндашув, амалий машғулотлар ҳамда бошқа турли интерфаол усуллар ёрдсамида олиб борилди. Бу эса тингловчиларнинг фаоллигини ошириш ва амалий тажрибасини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Курсни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар топширилди. Шунингдек, ўқув курсларини замонавий талаб даражасида олиб борган ҳамда курснинг сифатли ва самарали ўтишига ўз ҳиссасини қўшганлиги учун Тошкент давлат юридик университетининг доценти в.б. Н.Рўзибаева ва университет ўқитувчиси М.Расуловалар "Ташаккурнома" билан тақдирландилар.
Ушбу курс Адлия вазирлиги ва Юристлар малакасини ошириш маркази ходимларининг чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқишини ва уларнинг халқаро ҳамкорликдаги самарадорлигини янада ошириш, илмий ҳамжамият билан самарали мулоқот ўрнатишга хизмат қилади.