+998 71 200 02 35

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш

29.08.2025 262

         Бугунги кунда жамият тараққиёти ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масаласи алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бу борада халқаро ҳуқуқий меъёрлар, жумладан, БМТнинг “Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида”ги конвенсияси (CEDAW) ва бошқа халқаро ҳужжатлар муҳим аҳамиятга эга.
Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик кўплаб шаклларда намоён бўлади: жисмоний, руҳий, иқтисодий ва жинсий зўравонлик. Ушбу иллат нафақат аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини поймол этади, балки жамиятда ижтимоий барқарорликка ҳам жиддий хавф туғдиради. Шу сабабли ҳам давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан ушбу муаммони бартараф этишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

         Ўзбекистон Республикасида ҳам хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий асослар яратилган.

Жумладан, 2019-йилда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонунда хотин-қизларнинг шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилган. Шунингдек, ҳимоя ордерлари институти жорий қилиниб, тазйиқ ва зўравонлик қурбонларини ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш чоралари мустаҳкамланди.

Амалиётда ушбу қонун асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда. Ҳудудларда махсус “Ислоҳотлар марказлари”, “Аёллар маслаҳат марказлари” фаолият юритмоқда. Уларда психологик ёрдам, ҳуқуқий маслаҳат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматлари йўлга қўйилган.

Статистик маълумотлар нима дейди?

         Ҳозирда 86−87 фоиз зўравонлик оилаларда кузатиляпти.
2024-йилнинг уч ойида аёлларга
10 мингдан зиёд ҳимоя ордери берилган. Ўзбекистонда 2024-йилнинг биринчи чорагида 4477 киши оиладаги зўравонлик моддалари бўйича маъмурий ва  жиноий жавобгарликка тортилган. Мазкур статистик кўрсаткичлар ҳам, зўравонликка қарши курашиш қанчалар долзарб масала эканлигини кўрсатади.

Бу борада хорижий тажриба қандай?

АҚШда “Violence Against Women Act”(1994 ва қайта кучга кирган VAWA) 1994‑йилда имзоланган бўлиб, хотин‑қизларга нисбатан зўравонликни камайтириш, ҳуқуқий ёрдам ва махсус хизматлар тақдим этишни мақсад қилиб олган ҳуқуқий асосдир.

АҚШда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини мувофиқлаштирувчи асосий ваколатли федерал орган бу “Office on Violence Against Women”, яъни хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш идораси ҳисобланади. Унинг вазифалари қуйидагилардир:

Ø  VAWA (Violence Against Women Act) қонуни ижросини таъминлаш ва назорат қилиш.

Ø  Зўъравонлик, жинсий тажовуз, уй зўравонлиги, сталкерлик ва инсон савдоси каби жиноятларни камайтириш бўйича миллий стратегиялар ишлаб чиқиш.

Ø   Ҳамкорлик: полиция, прокуратура, суд, соғлиқни сақлаш, ННТ ва жамоатчилик билан ҳамкорликда ишлаш.

Ø   Маълумот тарқатиш, тренинглар ўтказиш ва статистика юритиш.

         Буюк Британияда эса оилавий маиший зўравонликка қарши курашиш тўғрисидаги Акт (Domestic Abuse Act) қабул қилинган бўлиб, бу оиладаги жумладан, хотин-қизларга нисбатан жисмоний, иқтисодий, психологик, зўравонлик ва бошқа турдаги тажовуз ҳамда унга қарши курашиш қоидаларини қамраб олади. Қолаверса,
2024-йилдан бошлаб, полициячилар зўравонликка қарши курашиш тизими бўйича мажбурий ўқитила бошланди.

         Францияда 1992, 2006, 2010, 2014, 2016, 2018, 2020 ва
2021- йиллардаги қонунлар кетма-кетликда зўравонлик шаклларини жиноят деб тан олган (масалан, психологик тазйиқ, оила ичидаги зўравонлик, онлайн зўравонлик, оилавий зўравонлик ҳолатларида ҳимоя ордерлари, ота-оналикка оид ҳуқуқдан фойдаланиш, “emprise” — психологик ҳукмронлик тушунчаси киритилган). Халқаро тажриба ҳам шуни кўрсатмоқдаки, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан самарали ҳимоя қилиш учун фақат ҳуқуқий механизмлар эмас, балки ижтимоий онгни ўзгартириш, маърифий ишларни кенгайтириш ҳам муҳимдир. Айниқса, ёш авлодни гендер тенглик руҳида тарбиялаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, аёлларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни ошириш муҳим аҳамият касб етади.

Хулоса

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи жамият тараққиётининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу борада ҳуқуқий асосларнинг яратилиши, амалий механизмларнинг самарали ишлаши ва фуқаролик жамияти институтларининг фаоллиги ижобий натижалар бермоқда. Келгусида ушбу соҳада халқаро тажрибани кенг жорий этиш, профилактик тадбирларни кучайтириш ва ҳуқуқий маданиятни ошириш орқали аёлларни ҳимоя қилиш тизимини янада мукаммаллаштириш зарур.

 

 

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни

қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш

Институти нашрлари катта мутахассиси

Юнусова Нигора Камиловна