Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 41- моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” деб белгилаб қўйилган. Ушбу тамойилга мувофиқ мамлакатимиздаги таълим муассасалари далат бюджетидан молиялаштирилади.
Тараққиётнинг янги босқичида таълим тизими барқарор ривожланмоқда, Ўзбекистоннинг жаҳон хамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши, унинг жадал ижтимоий иқтисодий ривожланишидаги муҳим омил ролини бажармоқда. Шу билан биргаликда, мамлакатнинг жадал тараққиёт босқичига қадам қўйиши, бозор иқтисодиёти муносабатларининг чуқурлашуви шароитида бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, унинг харажатларини оптималлаштириш зарурияти вужудга келди. Таҳлиллар тасдиқлайдики, таълим тизимида бюджет маблағларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш холлари учрамоқда. Бунинг асосий сабаби, таълим муассасаларини молиялаштириш ва давлат молиявий назорати тизимига оид бўлган норматив ҳуқуқий асосларнинг мукаммал эмаслигидадир. Шунингдек, бюджет маблағларининг харажати, сарфланиши ва ундан самарали фойдаланиш тизими устидан мониторинг олиб борадиган муассаса, бу давлат молиявий назоратидир. Бундай шароитда давлат молиявий назорати тизимида самарадорлик кутилган даражада эмас. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, таълим тизимида бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш масалаларини ёритиб берган ва ушбу жараёнда давлат молиявий назорати мазмуни, мохияти, мақсадлари, унинг натижаларига бағишланган комплекс, чуқур илмий тадқиқотлар ўтказилмаган. Назорат тадбирларини ўтказишнинг замонавий услублари тўлиқ ишлаб чиқарилмаган, давлат ва нодавлат молиявий назорат тизими ўртасидаги хамкорлик, давлат молиявий назорати тадбирларига мустақил аудиторларни иштироки ва уларнинг материаллардан фойдаланиш жараёнида камчиликлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги, таълим вазирлиги, олий ва ўрта таълим вазирлиги, молия вазирлиги фаолияти билан боғлиқ манбалар ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган давлат молия назорати, яъни таълим тизимида бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизимини тадқиқи ташкил қилади. Шу муносабат билан қайд қилиш лозимки, таълим тизимида бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш жараёнида давлат молия назоратининг назарий асосларини комплекс ўрганиш, унинг яқин келажакдаги имкониятларини асослаш муҳим амалий аҳамиятга эга. Ҳозирги шароитда, давлат молиявий назоратининг институционал асосларини, ҳуқуқий ва норматив актларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш асосида давлат молиявий назоратининг таълим тизимидаги самарадорлигини оширишга доир тадқиқот ишларини олиб бориш ва таклифлар ишлаб чиқиш зарурияти вужудга келди. Таъкидлаш лозимки, давлат молиявий назоратининг методик асосларининг такомиллаштирилиши, таълим тизимида бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш жараёни билан чамбарчас боғлиқдир. Мамлакат тараққиётининг модеринизациялашуви давлат молиявий назорати ва нодавлат назорат институтлари билан алоқаларини муқобиллаштириш вазифасини илгари сурди. Шунинг учун хам, таълим тизимида бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини аниқлашда, давлат молиявий назорати органлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда, нодавлат аудиторларнинг иштироки, уларнинг материалларидан фойдаланиш мухим ахамият касб этади.
Тадқиқот натижаларига кўра, давлат молия назоратини амалий ва назарий вазифаларига доир, хамда бюджет маблағларини таълим тизимида самарали фойдаланишга доир мустақил хулосалар ва таклифлар тайёрланди. Мамлакатнинг янги тараққиёт босқичида, кўп укладли мулк шакллари кенгаймоқда. Молия иши усуллари такомиллашмоқда. Ушбу жараёнда, бозор иқтисодиёти муносабатларига оид норматив хужжатлар қўлланилмоқда. Бундай шароитда, таълим тизимида давлат молия назоратини олиб бориш бозор иқтисодиёти ислохотлари мақсадига мос бўлиши лозим. Тадқиқот натижалари кўрсатадики, таълим тизимидаги бюджет маблағларидан самарали фойдаланишда қўлланилаётган усулларда комплекс ёндашув етишмайди. Бизнинг фикримизча, мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантириш учун, давлат молия назоратининг асосларини илмий жихатдан чуқур тадқиқ қилиш лозим ва уни қабул қилинаётган қонунларда акс эттириш лозим. Бундай жараён мавзуга доир илмий адабиётларда давлат ва нодавлат молия назорати хақидаги турли ёндашувларни ягона фикрга бирлаштиради. Шунингдек, давлат молия назоратининг ташқи, ички молиявий назорат, дастлабки, жорий, якуний назорат тизими шакллантирилди.
Хулоса сифатида қайд қилиш лозимки, таълим тизимидаги давлат молия назорати, марказлашган бюджет тизимини бошқаришнинг муҳим шаклидир. Бу жараён, давлат молия назоратини амалга оширишга давлатнинг мақсадли дастурлари, йўл харитасини бажаришда мухим рол ўйнайди, молиявий барқарорликни ва молия тизимига доир қонунчиликни таъминлайди. Давлат молия назорати таълим тизимида бюджет маблағларини фойдаланиш жараёнида содир бўлаётган камчиликларни аниқлайди, жавобгар шахслар томонидан қонунчиликни бузиш холатларини таҳлил қилади ва унинг сабабларини кўрсатиб беради. Давлат молия назоратининг муҳим жиҳати таълим тизимида йўл қўйилган қонунбузарликларни асослаб беради ва жавобгар шахсларни жазога тортиш бўйича таклифлар тайёрлайди. Давлат молия назорати таълим тизимида бюджет маблағларини фойдаланишни таҳлил қилиш жараёнида, ташқи, ички, дастлабки, жорий ва якуний шаклда ўтказилиши мумкин. Шунингдек, таълим ташкилотларининг молиявий фаолияти яъни, бюджет, солиқ, божхона, валюта, кредит, инвестициялар ва бошқа жихатлари ўрганилиши мумкин. Давлат молия назорати усуллари сифатида молиявий холатни тахлил қилиш, молиявий экспертиза ва ревизия шаклида ўтказилади.
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш институти бухгалтерия ва
режа-молия бўлими ҳисобчиси - А.Алимов