Мамлакатимизда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш борасида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан одил судловга эришиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Бундай вазифаларни амалга оширилиши учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январда “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-11-сонли Фармони қабул қилинди.
Фармон билан 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди ва одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари белгиланди.
Шунингдек, 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури ҳам тасдиқланди.
Одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари «Инсон қадри учун» ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш этиб белгиланди.
Шулар билан бирга судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш кабилар ҳам устувор вазифалар деб ҳисобланди.
Фармонда Олий суд томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги билан биргаликда жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинди.
Ушбу қонун лойиҳасида туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқишни, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни, юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклашни жорий этиш назарда тутилди.
Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришни амалга ошириш учун судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди.
Бу йўналишда судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш, суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш, одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш каби чоралар белгиланди.
Шунингдек, суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтиришда судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланди.
Одил судлов самарадорлигини оширишда суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.
Фармонда кўрсатилганидек, департамент одил судлов соҳасида ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини амалга ошириш, суд фаолияти соҳасидаги қонунчиликни ҳамда одил судлов муаммоларини тизимли таҳлил қилиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни, суд амалиёти ва суд иш юритуви тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, одил судлов самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил қилиш, одил судлов соҳасига оид халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича тизимли ва изчил чоралар кўриш, фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий қонунчилик, судларнинг мустақиллигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умум-эътироф этилган принциплари ва нормаларини ўрганиш, уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифаларни бажаради.
Бу билан бирга Ахборот-коммуникация мониторинги — Вазиятлар маркази ва Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ташкил этилди.
Вазиятлар марказининг асосий вазифалари республика бўйича барча судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, судларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ишларни кўришда процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишини мониторинг қилиб бориш, ишларни вилоят, туман (шаҳар), маҳалла кесимида тоифаларга ажратган ҳолда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, низоларни бартараф этишга қаратилган маълумотларни тайёрлаш, суд мажлислари ўз вақтида ўтказилишини, сервер ускуналари ва дастурларнинг ишлаш ҳолатини доимий назорат қилиш этиб белгиланди.
Жамоатчилик билан ҳамкорлик марказининг асосий вазифалари эса, аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантириш ва илгари суриш, суд фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш, ахборот маконининг доимий мониторингини олиб бориш, судлар фаолиятига доир ахборотлар бўйича жамоатчилик фикрини таҳлил ва прогноз қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган материалларга, ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш, суднинг расмий веб-сайтларида унинг фаолиятига алоқадор матнли, фото, аудио ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб боришдан иборатдир.
Шунингдек, фармонда Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясига аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантиришда фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда судьялар фаолияти бўйича қонунга хилоф ва асоссиз эълон қилинган ҳар бир ҳолатга суд ҳокимиятининг фахрийлари томонидан объектив равишда ва тезкорлик билан муносабат билдириб бориш, судьялар ва суд ҳокимиятининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан судларга мурожаат қилишлар тавсия этилди.
Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишда барча босқичлардаги суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган янги механизмни жорий этиш бўйича Бош прокуратура ва Олий суднинг таклифлари маъқулланди.
Янги механизмни жорий этиш таклифларида Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари ва туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича Ихтисослашган прокурорлар корпуси этиб белгиланди.
Ихтисослашган прокурорлар корпусининг асосий вазифалари «Прокуратура тўғрисида»ги Қонун ҳамда процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда судларда ишларни кўришда прокурор ваколатини таъминлаш, суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш, суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда суриштирув ва тергов органлари ходимларининг амалий кўникмалари ҳамда малакасини ошириш ишларига кўмаклашишдан иборат бўлади.
Фармонда Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга ошириши ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари уларнинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги, вилоят ва унга тенглаштирилган прокуратуралар корпусига туман (шаҳар) прокуратураларининг тегишли йўналишларида, қоида тариқасида, камида уч йил, Бош прокуратура корпусига эса, қоида тариқасида, камида беш йил фаолият юритган ходимлар жалб қилиниши, корпус ходимлари, қоида тариқасида, судларда прокурор ваколатини таъминлаш соҳасида узлуксиз уч йил хизмат ўтаганидан сўнг бошқа йўналишларга ўтказилиши мумкинлиги, уларни бошқа йўналишларга ўтказиш Бош прокурор соҳавий ўринбосарининг розилиги асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходими судларда кўрилаётган ишлар бўйича айбловни (фуқаровий даъвони) қўллаб-қувватлаш, ўзгартириш ёки ундан воз кечиш, шу жумладан жиноят кодекси нормаларини қўллаш, жазо тури ва меъёрини белгилаш масалалари юзасидан фикрини судга баён қилишда мустақил бўлиб, қонун талабларига ва ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўз ишончига асосланиши, ҳар бир ҳудудда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ҳамда тегишли туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ва бошқа йўналишларда узоқ йиллар фаолият кўрсатган тажрибали ходимлардан иборат Маслаҳат кенгашлари ташкил этилиши, бу кенгашлар ўзаро муҳокама асосида ўта мураккаб тоифадаги ишларнинг ечимини топиш, ёш кадрларни тўғри йўналтириш ва уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ишларига кўмаклашиши билан улар фаолиятининг натижадорлиги таъминланади.
Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишдан ва мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунларига, жиноят, маъмурий, фуқаролик, иқтисодий процессуал кодексларига ва тегишли қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кутилмоқда.
Насуллаев Мубин
Юристлар малакасини ошириш
Маркази доценти