+998 71 200 02 35

Суд ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш масалалари

26.02.2025 709

Аннотация: Мақолада суд ҳокимияти очиқлигини таъминлашда жамоатчилик назорати ва жамоатчилик вакиллари иштирокини кучайтириш масалалари таҳлил этилган. Шунингдек, миллий амалиёт ва хорижий тажриба асосида судларда жамоатчилик назорати ва жамоатчилик вакиллари иштирокини кучайтириш бўйича хулосалар илгари сурилган.

Калит сўзлар: Суд ҳокимияти, жамоатчилик назорати, ҳуқуқий асослар, судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлик, халқ маслаҳатчилари, коллегиаллик, такомиллаштириш.

Аннотация: В статье анализируются вопросы общественного контроля и развития общественного участия в обеспечении прозрачности судебной системы. В нем также делаются выводы о развитии общественного надзора и участия представителей общественности в судах на основе национальной практики и зарубежного опыта. Ключевые слова: Судебная власть, общественный контроль, правовая база, открытость судов, прозрачность, общественные советники, коллегиальность, совершенствование.

Abstract: The article analyzes the issues of public control and development of public participation in ensuring the transparency of the judicial system. It also draws conclusions on the development of public oversight and public participation in courts, based on national practice and foreign experience. Key words: Judicial power, public control, legal framework, openness of courts, transparency, public advisers, collegiality, improvement.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида жамоатчилик назорати ва уни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамиятига тўхталиб, халқ ҳокимиятининг энг муҳим пойдевори сифатида жамоатчилик назорати институтини кучайтириш бўйича мамлакатимиз Конституциясининг 36- моддасида, шунингдек, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа ҳужжатларда муҳрлаб қўйилган талабларнинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилишига урғу берган эди.

Конституциямизнинг 36-моддасида белгиланган фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилишига оид норма мамлакатимизда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг устувор ҳуқуқий асосидир.

Одил судлов жараёнида жамоатчилик вакилларининг иштироки суд ҳокимияти фаолияти устидан жамоат, яъни халқ назоратининг муҳим шаклларидан бири ҳисобланади. Одил судловни амалга оширишга фуқароларнингхалқ вакилларининг жалб этилиши демократик давлатнинг муҳим белгиси сифатида эътироф этиб келинган. Бундай иштирок суд томонидан адолатли ва ҳаққоний қарорлар қабул қилинишига ҳам имкон яратади.

Суд ишларини юритишда жамоатчиликнинг иштирок этиши одил судловни амалга оширишнинг таркибий принципларидан бири бўлмиш коллегиаллик, яъни ишларнинг ҳайъатда кўрилиши тамойилларига ҳам мос келади.

Суд фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бошқа давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга қараганда ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Зеро, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, процесс иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат сири, фарзандликка олиш сири, тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни сақлаш зарурати мавжудки, жамоатчилик назоратини амалга ошириш жараёнида ушбу ҳолатлар эътиборга олинади.

«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасида суд ишларини юритиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши назарда тутилган. Алоҳида қонун ҳужжатлари сифатида эса Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Жиноят-процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига суд фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга қаратилган нормаларни киритиш талаб этилади.

Суд ҳокимияти очиқлигини таъминлашда жамоатчилик иштирокининг тарихига назар ташласак, биринчи марта аҳолини одил судловни амалга оширишга жалб қилиш ғояси XVIII асрда пайдо бўлган. Ўша даврнинг машҳур мутаффакирларидан бўлган Ш.Л.Монтескьенинг фикрича, агар суд ҳокимияти суд идораларига эмас, балки маълум вақт давомида одил судловни амалга ошириш учун таклиф қилинган халқ орасидан танланган шахсларга ишониб топширилса, самарали бўлади.

Шундай қилиб, одамлар учун жуда қўрқинчли бўлган суд тизими на таниқли касбга, на таниқли мавқега боғлиқ бўлмай қолади, у кўринмас ва мавжуд эмасдек туюлади.

Aлбатта, бу фикр ўзига хос фалсафа ва аҳамиятга эга. Бироқ, замонавий шароитда муайян ҳуқуқий ишни қонуний, асосли ва адолатли кўриш ва ҳал этиш учун судьяларга профессионал билим ва амалий кўникмалар зарурлиги туфайли юқоридаги ғояни амалга ошириш қийин. Айни пайтда, суд жараёнларида халқ маслаҳатчиларининг иштирок этиши, айрим хорижий давлатлар тажрибасида суд маслаҳатчилари (суд присяжных) институти кенг жорий этилганлиги Ш.Л.Монтескье томонидан билдирилган ғояларнинг қайсидир жиҳатлари амалда эканлигини кўрсатади.

Одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг иштироки масалалари ҳозирги кунда кўплаб юридик адабиётларда қатор муаллифлар томонидан ҳам кўриб чиқилган. Хусусан, В.И.Бадашхановнинг ёзишича, одамларнинг одил судловда иштирок этиши суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини назорат қилишда кўрсатиладиган фуқаролик бурчини фаол бажаришни англатади.

И.A.Огневанинг фикрича, фуқаролар иштироки судда иш юритишни тартибга солувчи қонунларни жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш ва тушуниш, суд жараёнини амалга оширишда фаол ёрдам бериш, унинг устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, процесснинг бошқа иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишида ёрдам беришдан иборат.

Одил судловнинг очиқлиги ҳақида гап кетганда, фуқароларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз суд биносига кириш, суд муҳокамаларида бемалол иштирок этиш, иш материаллари билан танишиш эркинлиги каби таркибий қисмларга ҳам эътибор қаратиш лозим.

Юридик адабиётларда қайд этилганидек, суд фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг яна қуйидаги шакллари ҳам мавжуд:

судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини тўлиқ жорий этиш, яъни суд мажлисларини видео-конференцалоқа тизими орқали олиб боришни кучайтириш, ҳар бир вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг веб-сайтларини ташкил этиш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаган ҳолда ва суд иштирокчиларининг розилиги билан ёпиқ суд жараёнида кўриб чиқилганларидан ташқари барча суд қарорларини судларнинг веб-сайтларида эълон қилиб бориш, чоп этиш тартибини жорий қилиш;

суд ишларини юритиш жараёнидаги процессуал ҳаракатларни видео, аудио қайд этиш, суд-тергов жараёнларини тўлиқ стенограмма қилиш;

суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётини кенгайтириш;

судда фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилувчи жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирокини кенгайтириш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҳузуридаги илмиймаслаҳат кенгашининг фаолият юритиши.

Суд ҳокимияти очиқлигини таъминлашда жамоатчилик назорати ва жамоатчилик вакиллари иштирокига оид хорижий давлатлар қонунчилик тажрибаси ҳам муҳим. Хусусан, Aвстрия Конституциясида (91-моддаси) «одамлар одил судловни амалга оширишда қатнашадилар» деган норма мавжуд.

Канада, Франция, Греция, Италия, Янги Зеландия, Россия, Германия, Англия, АҚШ каби давлатларда суд процессида жамоатчилик назоратининг муҳим кўринишларидан бири сифатида суд маслаҳатчилари (суд присяжных) институти кенг жорий этилган.

Францияда жиноят ишлари судда профессионал судьялар ва суд маслаҳатчиларидан иборат ҳайъат таркибида кўрилади. Суд маслаҳатчилари айрим тоифадаги, хусусан, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш (жисмоний шахслар учун) ёки 75000 € миқдорида жарима солиш (юридик шахслар учун) тўғрисидаги жиноят ишларининг кўрилишида иштирок этади. Францияда 16-18 ёшли вояга етмаганлар томонидан содир этилган оғир жиноятлар уч нафар малакали судья ва тўққиз нафар суд маслаҳатчиси иштирокида кўрилади. Англияда суд маслаҳатчилари қотиллик жиноятларини, табиий бўлмаган ёки гумонли ўлим ёки ўлимнинг сабаби аниқланмаган ҳолатларни текширишда иштирок этади.

Айрим Европа давлатларида ишларнинг оғир-енгиллигига қараб иш судда якка судья ёки ҳайъат тартибида кўрилиши амалиёти мавжуд. Хусусан, Австрия, Дания ва Норвегияда оғир жиноят ишлари суд маслаҳатчилари томонидан кўрилади. Ўртача оғир жиноят ишлари эса судья ва суд маслаҳатчилари иштирокидаги ҳайъат тартибида, унча оғир бўлмаган жиноят ишлари якка судья томонидан кўрилиши белгиланган.

Мамлакатимизда бунинг аксини кўриш мумкин.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 13-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, Жиноят кодекси 15-моддасининг иккинчи-тўртинчи қисмларида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар судья томонидан якка тартибда кўрилиши белгиланди.

Унга кўра, 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб оғир жиноятлар биринчи инстанция судида судья томонидан якка тартибда кўрилади. Халқ маслаҳатчилари фақат ўта оғир жиноятлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга жалб этилади.

Яъни, мамлакатимизда жиноят процессида якка судья томонидан кўриладиган ишлар доираси кенгайиб бормоқда. Бу эса ҳозирги давр талабларига, хусусан, суд ҳокимияти очиқлигини таъминлашда жамоатчилик назорати ва жамоатчилик вакиллари иштирокини ривожлантириш анъаналарига мувофиқ эмас.

Европанинг аксарият давлатларида халқ судьяси, суд маслаҳатчилари профессионал судья билан шахснинг айбдор ёки айбдор эмаслиги, шунингдек судланувчига жазо чорасини белгилаш билан боғлиқ масалани биргаликда ҳал этади.

Буюк Британияда фуқаролик ишларининг кўрилишида суд маслаҳатчилари нафақат у ёки бу тарафлар учун фуқаролик-ҳуқуқий оқибатни вужудга келтирувчи қарор қабул қилишади, балки зарарни ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини ҳам қабул қилиш ваколатига эга.

Бошқача айтганда, агар профессионал судья зарарни ундириш лозимлиги ҳақида тўхтамга келса, суд маслаҳатчилари бу зарар миқдорини белгилашлари мумкин. Аҳолининг одил судлов жараёнларидаги иштирокининг тури, шакли ва воситалари муайян давлатнинг сиёсий режими, маданияти ва амалдаги сиёсий тизимига боғлиқ бўлади. М

асалан, АҚШда айрим Европа давлатлари тажрибасидан фарқли равишда олти йилдан ортиқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиладиган жиноят ишларининг судларда кўрилишида фуқароларга суд маслаҳатчилари иштирокида ишни кўриш ҳуқуқи берилади.

Бироқ, махсус суд томонидан ҳарбий хизматчилар иштирокида кўриладиган ҳарбий хизматчилар иши билан боғлиқ бўлган ишлар бундан мустасно.

Ҳар бир штат судда иштирок этадиган суд маслаҳатчиларининг сонини мустақил белгилайди.

Японияда халқ судьялари оғир жиноят ишларининг муҳокамасида судья сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, халқ судьяларининг судлов ҳайъати таркиби олти нафар халқ судьяси ва уч нафар профессионал судьядан иборат бўлади. А

йбланувчи халқ судьясидан воз кечиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Юридик адабиётлардаги фикрлар ҳамда хорижий давлатлар қонунчилиги таҳлили асосида шуни таъкидлаш керакки, фуқароларнинг одил судловни амалга оширишда иштирок этишининг асосий йўналишларидан бири суд ишларини юритишнинг турли даражаларида халқ маслаҳатчиларининг иштирокини кенгайтиришдир.

Мамлакатимиз қонунчилигида ҳам одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчиларининг иштирокига доир нормалар мавжуд.

Хусусан, «Судлар тўғрисида»ги Қонунда Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди, Ҳарбий суд ҳамда ҳудудий ҳарбий судлар таркибида халқ маслаҳатчилари иштирок этиши назарда тутилган.

Мазкур Қонуннинг 62-моддасига кўра, ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Ҳар бир суд учун халқ маслаҳатчилари сони судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан белгиланади. Халқ маслаҳатчилари судлардаги вазифаларини бажариш учун йилига кўпи билан икки ҳафтага навбатма-навбат чақирилиши, уларнинг иштирокида бошланган суд ишини кўришни тугаллаш зарурати бу муддатни узайтиришни тақозо этган ҳоллар бундан мустасно, шу даврда уларнинг иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолинади.

Жиноят-процессуал кодекси 13-моддасида иш биринчи инстанция суди томонидан ҳайъатда кўрилганда суд таркибига судья ва икки нафар халқ маслаҳатчиси кириши, одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиши, улар суд мажлисида ишни кўриш жараёнида келиб чиқадиган ҳамма масалаларни ҳал қилишда ва ҳукм чиқаришда раислик қилувчи билан тенг ҳуқуққа эга эканликлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Халқ маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш «Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида»ги низом билан тартибга солинади. Унга кўра, халқ маслаҳатчилигига номзодлар кўрсатиш меҳнат жамоалари, фуқароларнинг яшаш жойидаги сайловчилар томонидан, шунингдек ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг йиғилишлари томонидан амалга оширилади.

Судьяларнинг малака ҳайъатлари эса, халқ маслаҳатчиларининг сайлови ҳаққоний ва шаффоф ўтишини назорат қилиб боради. Маълумотларга қараганда, жиноят ишлари бўйича судлар ва ҳарбий судлар судьяларининг тегишли малака ҳайъатларида 2014 йилнинг июль ойигача 15 744 нафар халқ маслаҳатчилари фаолият кўрсатиб келган.

2016 йилдаги ҳисобкитобларга кўра, жиноят ишлари бўйича судларга жами 10 минг нафардан ортиқ халқ маслаҳатчиси сайланган. Халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишлари бўйича судлардаги иштироки шахс, жамият ва суд ҳокимияти ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаши баробарида қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим омили ҳамдир.

Шунинг учун суд ҳукм ва қарорлари камдан-кам ҳолатлардагина ўзгараётганида халқ маслаҳатчиларининг салмоқли ҳиссаси борлигини соҳа мутахассислари ҳам алоҳида таъкидлаб келадилар. Мамлакатимизда халқ маслаҳатчилари институтининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида мутахассислар томонидан билдирилган фикрларга кўра, халқ маслаҳатчиларининг суддаги иштироки адолатни қарор топтириш, айбдорга қонун доирасида жазо тайинлашга хизмат қилади.

Зеро, халқ маслаҳатчилари иш натижаларидан манфаатдор бўлмаган шахс сифатида судланувчига қандай жазо тайинлаш кўпроқ самара бериши ҳақида фикр билдиради ва бу суд томонидан инобатга олинади.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, халқ маслаҳатчилари судьяларнинг мустақиллигига мутлақо дахл қилмаган ҳолда фаолият кўрсатади ва бу суд ҳокимияти фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади16. Кўпчилик мутахассислар халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишларини кўришдаги иштирокини янада кенгайтириш, халқ маслаҳатчилари институтини такомиллаштириш лозим деган фикрни илгари суради.

Профессор М.Мамасиддиқовнинг фикрича, суд процессида суд маслаҳатчиларининг иштирок этиши судьянинг ўз устида ишлашига, ўз билим ва малакасини мунтазам равишда ошириб боришига, ҳар қандай ишни суд муҳокамасига киритишдан аввал пухта тайёргарлик кўришга замин яратади.

Шундай экан, халқ маслаҳатчиларининг судда ишларни қонуний, асосли ва адолатли кўрилишини таъминлашдаги аҳамиятини эътиборга олган ҳолда мамлакатимизда халқ маслаҳатчилари институтининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш тақозо этилади.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг суд маслаҳатчилари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вақти келди. Мазкур лойиҳада халқ маслаҳатчилари фаолиятининг асосий принциплари, фуқароларнинг одил судловни амалга ошириш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи, халқ маслаҳатчиларига нисбатан қўйилган талаблар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатлари каби муҳим масалалар билан боғлиқ нормалар ўз ифодасини топиши лозим.

 

Жўраев Жавлон Норбобоевич
Хусусий-ҳуқуқий фанлар
кафедраси ўқитувчиси