2023 йил 27 ноябрь кунидан бошлаб Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган адвокат ва юрисконсультлар учун икки ҳафтага мўлжалланган сайёр малака ошириш ўқув курслари бошланди.
Машғулотларга Юристлар малакасини ошириш марказининг етакчи профессор-ўқитувчилари билан бирга вилоят адлия бошқармаси, Адвокатлар палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари ва амалиётчи мутахассислар жалб қилинган.
Малака ошириш давомида тингловчилар Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштириш жараёнлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари, қонунчиликдаги янгиликлар, коррупцияга қарши курашишнинг миллий ва халқаро тизими, давлат хизматчиларининг одоб-аҳлоқ қоидалари, фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асослари, маъмурий тартиб-таомиллар бўйича билим ва кўникмаларини оширадилар.