+998 71 200 02 35

Қонунчиликдаги янгиликлар

02.09.2025 2642

 

Бугунги шиддат билан ривожланган жамиятни таълим ва илм-фансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Иқтисодий, сиёсий ва экологик инқироз даврида фан муҳим муаммоларни ҳал қилишда муҳим восита сифатида хизмат қилади. Шундай экан фан инсон ҳаётида вужудга келадиган турли масалаларни таҳлил қила олиши ва ўз вақтида унга ечим бериши керак.

Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёев “Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача – таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик”, деб таъкидлагани бежизга эмас.

Юридик фан – ҳуқуқий ҳаётни илмий таҳлил қилиш, ҳуқуқ нормаларини тизимлаш ва такомиллаштириш вазифасини бажарса, ҳуқуқни қўллаш амалиёти – ушбу назарий асосларни турли ҳаётий ҳолатларда қўллаш жараёнидир. Бу икки соҳанинг уйғунлиги ҳуқуқий тизимнинг барқарор ишлаши учун асосий омилдир.

Шу маънода, ягона ёндашув — бу ҳуқуқ нормаларини қўллашда барча органлар ва мутахассислар томонидан бир хилда тушуниш ва бир хилда татбиқ этиш тамойилидир. У қонун устуворлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Бугунги юридик таълим тизимини тубдан ўзгартиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Таълимни амалиёт билан, амалиётни таълим билан боғлаш, таълим беришнинг замонавий усулларини қўллаш, машғулотларни янгича услуб ва шаклларда ташкил этиш, масофадан туриб ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малака оширишга халқаро стандартларни жорий этиш, мустақил таълимни кучайтириш, янги, таъсирчан, самарали ва амалиётга йўналтирилган юридик адабиётлар яратиш ҳам асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини уйғунлаштириш, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида” 2024 йил 24 майдаги ПФ-80-сон Фармони билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги 4 та малака ошириш ва қайта тайёрлаш марказлари негизида Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ташкил этилди.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 март куни 171-сон қарори қабул қилиниб, адлия органлари ва муассасалари ходимлари, юридик хизмат, адвокатура, нотариат, медиация, интеллектуал мулк, суд экспертизаси, архив иши ва иш юритиш ҳамда бошқа соҳа мутахассисларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг замонавий тизимини йўлга қўйиш ҳамда уларни ўқитишни халқаро тажриба ва замонавий таълим стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Институтда ташкил этилаётган ўқув жараёни амалий ва ҳуқуқий низоларни таҳлил қилишга қаратилган билим ва кўникмаларга асосланган ёндашувга мувофиқ ташкил этилади, уларнинг камида 40 — 50 фоизи амалий машғулотларга ажратилиши белгиланганлиги ҳам юридик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бевосита уйғунликда олиб борилиши кераклигини англатади.

Ўзбекистонда юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ёндашувнинг қўллаш масалаларида бир қатор долзарб муаммолар ҳам борлигини унутмаслик лозим.

Биринчидан, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги нормаларни турлича талқин қилиш. Хусусан судьялар, терговчилар, амалиётчи ҳуқуқшунослар бир хил нормани турлича тушунишлар ва талқин қилишлари натижасида қарама-қарши қарорларни қабул қилинишига ёки ноаниқ прецедентларга шаклланишига олиб келмоқда.

Иккинчидан, юридик фан бирламчи ёки ҳуқуқни қўллаш амалиёти бирламчими деган саволга жавоб топиш керак. Аслида қандай бўлиши керак? Фикримизча, ҳар бир соҳадаги муаммолар ва камчиликлар биринчи навбатда илмий ва назарий жиҳатдан асосланган ҳолда таҳлил қилиниши лозим. Илмий ва назарий жиҳатдан таҳлиллар асосида ишлаб чиқилган таклиф ҳамда тавсиялар қонунчиликда акс эттирилиб ҳуқуқни қўллаш амалиётида фойдаланилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Учинчидан, норматив-ҳуқуқий базанинг мураккаблиги ва қарама-қаршилиги: турли ҳужжатларда бир хил ҳолат турлича тарзда тартибга солинади. Бу ҳуқуқни қўллашда бир хил ёндашувга халақит беради. Шу сабабли, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш муҳим аҳамият касб этади.

Тўртинчидан, суд амалиётида ягона прецедентлар етишмаслиги: бир хил ҳолатларга оид суд қарорлари ўртасида фарқлар мавжуд. Бу фуқароларда адолат ва тенгликка бўлган ишончни камайтиради. Хусусан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунда 13 та принцип белгиланган. Мазкур Қонунга кўра маъмурий ҳужжатлар ва маъмурий ҳаракатлар маъмурий тартиб-таомилларнинг принципларига мувофиқ бўлиши керак. Маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади. Судлар мазкур Қонундан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилишда биринчи навбатда ушбу 13 та принцип бузилган ёки бузилмаганлик ҳолатига баҳо бериши лозим.

Бешинчидан, ҳуқуқий таълимда методик бирлик етишмаслиги. Республикада мавжуд олий юридик маълумот берадиган олий таълим муассасаларидаги ўқув дастурлари бир-биридан фарқ қилади. Олий таълим муассасаларида ҳуқуқ фанлари турлича талқин қилиниши келажакдаги мутахассисларнинг турлича ёндашуви ва амалиётда тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. 

Яна бир муҳим масала, юридик кадрларни амалиётга боғлаган ҳолда тайёрлаш ва малакасини ошириш бугунги кунда долзарб ҳисобланади. Ҳозирги кунда юридик фан ва амалиёт алоқасини мукаммал йўлга қўйиш асосий вазифалардан бири сифатида қаралмоғи керак. Сабаби юридик фанни ўқитиш асосида назарий қоидаларни амалиётда кенг жорий этилишида, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштиришда ва қонун ижодкорлигида кенг фойдаланиш энг самарали усуллардан бири ҳисобланади.

Фикримизча юридик фанни ривожлантириш баробарида, уни амалиётга татбиқ этиш орқали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашда юксак марраларга эришиш мумкин. Ҳозирги ривожланаётган жамият, сиёсий, иқтисодий модернизация жараёнлари, шу билан бирга давлат ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар юридик фан ва амалиётни уйғун ҳолатда олиб боришни тақозо этади. Бироқ бу ўзгариш юридик таълим муассасалари ва бу соҳага талабгор субъектлар ўртасида ўзаро муносабат бўлсагина таъминланиши ва амалга оширилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Афсуски, бугунги кунда юридик таълимга ижтимоий эҳтиёж фақат таълимни бошқариш органлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар томонидан билдирилмоқда. Аслида эса, юридик таълимни бу соҳага эҳтиёжи бор барча субъектлар доираси билан яқин алоқасини йўлга қўйиш лозим. Бу жараёнларда эса, юридик кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ўртасида амалиёт тартиби бўйича алоқалар ўрнатилиши мақсадга мувофиқ.

 

 

Рақамли технологиялар

маркази   бўлим бошлиғи

Ў.Жалолов