+998 71 200 02 35

Ўзбекистонда кадрлар салоҳиятини юксалтиришнинг замонавий тизими

26.09.2022 2225

Тошкентда кадрлар салоҳиятини юксалтиришнинг замонавий тизими, юристларни касбий ривожлантиришга оид муаммолар ечимига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.

Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан ташкил этилган конференцияда АҚШ, Озарбайжон, Япониядан хорижий экспертлар, Адлия вазирлиги ҳамда суд-ҳуқуқ соҳаси миллий институтлари вакиллари, олимлар, изланувчилар иштирок этди.

Юристлар малакасини ошириш маркази директори Шерзод Рабиев мамлакат ҳуқуқий тизимининг асосларини ҳамда ривожланиш принципларини амалга оширишда юридик кадрлар муҳим ўрин тутишини қайд этди. Бунда юридик кадрларнинг юқори малака ва салоҳиятга эга бўлиши инсон ҳуқуқлари самарали таъминланишига ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Албатта, юристнинг масъулияти остида бутун ташкилот ҳимояси ва инсон тақдири ётади. Шу сабабдан юристларнинг доимий равишда ўқитилиши, касбий ривожлантирилиши ва малака ошириб бориши талаб этилади. Бу эса, юристларнинг иш жараёнида хато қилмаслигига ва қонун устуворлигининг таъминланишида муҳим роль ўйнайди.

Конференцияда юридик кадрларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими, юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммолари муҳокама этилди.

Юридик таълимдаги инновациялар, мавжуд муаммо ва янги имкониятлар, юридик амалиёт ва таълимнинг рақамли трансформацияси бўйича мулоҳазалар билдирилди. Суд, прокуратура ва адлия органлари фаолиятининг долзарб масалалари, фуқаролик, оилавий, меҳнат, молия ва экологик ҳуқуқ соҳасидаги жамоат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш, жиноят ҳуқуқи ва криминологиянинг назарий ва амалий муаммолари, коррупцияга қарши курашиш, халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари йўналишлари бўйича қатор масалалар кўриб чиқилди.

Конференцияда юридик кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижаси халқаро ҳамжамиятга етказилди. Шунингдек, мазкур йўналишдаги халқаро тажрибани ўрганиш асосида юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди.

Манбaa UZA