Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳар қандай демократик жамиятнинг асосий мақсадларидан биридир. Бу жараёнда қонунчилик тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки айнан қонунлар жамият ҳаётининг тартибга солиниши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашда асосий восита ҳисобланади.
Жорий йилнинг 24 феврал куни Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур Меморандумнинг мақсади қонунчиликни такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятни ошириш, Марказ тингловчиларини қабул қилинаётган янги қонунлар ва амалдаги қонунчилик ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, давлат ва жамият қурилиши соҳасини янада демократлаштириш жараёнлари, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллашнинг замонавий талаблари ҳамда ушбу соҳадаги хорижий давлатлар тажрибаси билан яқиндан таништириш ҳисобланади.
Меморандум мамлакат тараққиётига қаратилган стратегияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Қўмита ва Марказ фаолиятига илмий-тадқиқот ташкилотларини фаол жалб қилиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Эришилган келишувлар томонлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳамда уларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.