Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 20-февралдаги 73-сон қарори билан нодавлат суд-экспертиза соҳасини тартибга солувчи бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди. Мазкур қарор суд-экспертиза хизматлари бозорини ривожлантириш, рақобатни кучайтириш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар учун қулай шароит яратишга қаратилган бўлиб, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда қайта рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Эндиликда бундай ташкилотлар:
- нотижорат ташкилот шаклида;
- ёки якка тартибда суд-экспертлик бюроси кўринишида ташкил этилиши мумкин.
Бу ўзгаришлар соҳада фаолият юритишни анча соддалаштиради ва янги мутахассисларнинг кириб келишига имкон яратади.
Шунингдек, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари орқали Тадбиркорлик субйектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими ёрдамида амалга оширилади. Бу эса ортиқча бюрократик жараёнларни камайтиради.
Авваллари муқаддам нодавлат суд-экспертиза ташкилотини тузиш учун суд эксперти сертификатига эга камида 3 нафар мутахассис мавжуд бўлиши шарт эди. Янги тартиб билан бу талаб бекор қилиниб, ташкилотни якка тартибда ҳам тузиш имконияти яратилди. Натижада, малакали экспертлар мустақил фаолият бошлаши учун кенгроқ ҳуқуқий шароит пайдо бўлди.
Мазкур қарор билан илк бор:
- нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича;
- суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат олган шахсларни ягона рейестрга киритиш бўйича
давлат хизматлари жорий этилди.
Бу эса соҳада шаффофликни таъминлаш, малакали мутахассислар ҳақида ягона маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда суд жараёнларида ишончлиликни оширишга хизмат қилади.
Қарорга кўра, эндиликда нодавлат суд эксперти бўлиш истагини билдирган шахслар учун қайта тайёрлаш, малака ва ҳуқуқий билимларни ошириш тизими йўлга қўйилди. Ўқув жараёни амалиёт билан уйғун ҳолда ташкил этилади:
- таълимнинг 40 фоизи назарий;
- 60 фоизи амалий машғулотлардан иборат бўлади.
Назарий машғулотлар тегишли давлат таълим муассасасида, амалий қисми эса давлат суд-экспертиза муассасасида ташкил этилади. Бу ёндашув мутахассисларнинг реал амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Эксперт-малака комиссияси фаолияти йўлга қўйилади. Мазкур комиссиянинг асосий вазифалари:
- нодавлат суд экспертларининг касбий ва амалий тайёргарлик даражасини аниқлаш;
- уларнинг фаолияти устидан назоратни таъминлаш;
- ноқонуний ҳаракатлар билан боғлиқ ҳолатларни адолатли ва холис кўриб чиқиш.
Бу механизм суд-экспертиза тизимида интизом ва масъулиятни кучайтиради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак қабул қилинган ушбу қарор нодавлат суд-экспертиза соҳасини янги босқичга олиб чиқади. Фаолиятни соддалаштириш, рўйхатдан ўтказиш тизимини автоматлаштириш, сертификатлаш ва ягона рейестрни жорий этиш, шунингдек, малака ошириш тизимини амалиёт билан уйғунлаштириш буларнинг барчаси соҳанинг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлайди.
Натижада, суд-ҳуқуқ тизимида мустақил, профессионал ва рақобатбардош экспертлар корпуси шаклланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилмоқда.
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш институти
бош мутахассиси
Авазметова Ирода


