Ўзбекистон президентининг Олий Мажлисга мурожаатномаси – мамлакат сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа.
2017 йилдан буён анъанага айланган бу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади. Мурожаатномаларда кўтарилган масалалар дунё ҳамжамияти ва жамотчилик эътиборини ўзги тортмоқда.
Агар ушбу муҳим сиёсий воқеани тадрижий маънода кўриб чиқилса, қуйидагиларга гувоҳ бўламиз:
2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили
2017 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон тарихида илк бор Президентнинг парламент палаталарига Мурожаатномаси бўлиб ўтди. Давлат раҳбари ўз Мурожаатномасида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинган 2017 йил якунларини сарҳисоб қилиб, Ўзбекистонни яқин истиқболда ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
2019 йил – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили
2018 йилги мурожаатномасида президент келаётган йил оғир бўлишини, белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун кўп нарсани, жумладан, дунёқарашни ҳам ўзгартириш зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбари инвестициялар энди келгуси йил учун асосий йўналиш бўлишини таъкидлади. Мирзиёевнинг сўзларига кўра, қулай сармоявий муҳит яратмасдан туриб келажакни қуриш мумкин эмас.
2020 йил – Илм-фан, таълим ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили
Президентнинг 2020 йил 24 январь куни Тошкент шаҳар Конгресслар залида Олий Мажлисга учинчи Мурожаатномасини эълон қилди. Унда Шавкат Мирзиёев 2020 йилни “Илм, таълим ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.
Президент олий таълим муассасаларига қабулни ошириш пуллик таълим ҳисобига бўлмаслиги кераклигини таъкидлаб, давлат грантлари ҳисобидан талабалар улушини икки баробарга оширишни таклиф қилди. Университетлар ҳақиқатан ҳам талаб қилинадиган билимларни бериши керак, деди давлат раҳбари.
2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили
Шавкат Мирзиёев 2021 йил учун ҳам ёшлар учун кенг имкониятлар яратишни белгилаб берди. Президент томонидан 2021 йил охиригача мактабгача таълим билан қамраб олиш 65 фоизга, 2023 йил охирига қадар эса 75 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Давлат раҳбари 2021 йилда 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабнинг моддий-техник базасини таъмирлаш ва яхшилаш учун бюджетдан 2 триллион сўм, шунингдек, 2021 йилда 2 триллион сўм миқдорида субсидиялар ажратилишини таъкидлади. 2000 та нодавлат болалар боғчаларини ташкил этиш масаласини кун тартибига қўйди.
2022 йил – Инсон манфаатларини таъминлаш ва маҳаллани мустаҳкамлаш йили
Шавкат Мирзиёев ушбу босқичда амалга оширилаётган ислоҳотлар орқага қайтмас нуқтага етганини таъкидлаб ўтди. Уларни чуқурлаштириш мақсадида “Янги Ўзбекистон ривожлантириш стратегияси” ишлаб чиқилди. Унинг асосий тамойили “Ҳамма нарса инсон шаъни ва қадр-қиммати учун”дир.
“Биз учун бу, энг аввало, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашдир. Бунда жамиятимиз пойдевори бўлган маҳалла ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Дарҳақиқат, маҳалла тинчлиги бутун юрт тинчлигидир. Обод маҳалла – обод юрт. Шундай экан, бундан буён ҳар бир маҳаллада самарали иш олиб бориш асосий мезон бўлади. Тинчлик ва барқарорликни таъминлаш биз учун энг муҳим вазифадир” – деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу йилги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакатимизда инсон қадри ва манфаати устувор эканлигини амалда яна бир бор ўз исботини топди.
2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб белгилангани ҳалқимизни чексиз қувонтирди. Зеро, Мурожаатномани шунчаки қабул қилиш мумкин эмас, у ҳаётимиз учун муҳим дастуриламалдир. Мурожаатни тинглаган ёки ўқиган ҳар бир инсон унда олға сурилган эзгу даъватдан руҳланган, куч олган, кенг таассуротларга эга бўлган, ўринли хулосалар чиқарган бўлиши табиий.
Мурожатномада таълимни янги босқичга олиб чиқиш масаласига эътибор қаратиб, келгусида амалга оширилиши назарда тутилган аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ўйлайманки, келажак йўлида қайғуриш бизга сув ва ҳаводек зарур. Бу масалага бефарқ қараб, кейинга қолдириб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари буни тўла англаб, эътибор қаратгани кўнгилдаги гап бўлди.
Янгича қараш, янги ғоя ва янги режаларгина давлатнинг истиқболи, Ватан равнақи ва халқимиз фаровонлигига дахлдор ҳаракатларни белгилаб бериши аниқ. Аниқ мақсадлар бўлмаса, истиқболли режаларни амалга ошириш мушкул.
Мурожаатномада халқимиз истиқболи ҳамда мамлакат равнақи учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши, юритиши билан боғлиқ вазифалар аниқ белгилаб берилди. Масалага онгли тарзда ёндашиш, коррупция балосига қарши кескин курашиш, илм-фан, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, барча соҳавий йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилмаса, мамлакат тараққиёти, одамлар фаровонлиги ҳақида сўзлаш беҳуда. Бугунги даврнинг талаби ҳам шу.
Илм-маърифат тараққиёт кўзи бўлса, тарбия унинг мияси, таълим эса юрагидир. Шу боисдан ҳам Мурожаатномадаги “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда”, деган ўгитлар барчамизни жиддий ўйлашга чорлайди.
Мурожаатномани ҳалқимиз диққат-эътибор, зўр қувонч билан тингладилар. Унда, давлатимиз бугуни ва келажагига тааллуқли, мамлакатимизни 2023 йилда ҳар томонлама ривожлантириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш ва энг муҳими, халқимиз фаровонлигини ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Олдимизга қўйилган мақсадлар аниқ. Уларни амалга оширишда ҳар бир ишчи-ходим, кончиларимиздан ҳалол ва касбга садоқат билан меҳнат қилиш талаб этилади. Бунинг учун эскича ёндашув ва қарашлардан воз кечиб, илдам ҳаракат қилишимиз керак.
Таъкидлаш жоизки, Мурожаатнома инсон қадри ва эркинликларини улуғлашга, келажак авлод учун сифатли таълимни жорий этишга, коррупциясиз жамиятни яратишга, тадбиркорликни янги босқичга кўтариш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, экология, глобал муаммоларни ҳал этишга ва халқимиз орасида миллий тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.
Мурожаатнома юксак ташаббуслар, ғоялар ва фикрлар муштараклигини ўзида мужассам этди. Бу, ҳаммамиз учун чорлов эканини юртдошларимиз қаторида мен ҳам чуқур ҳис этдим.
Алтингул Юсупбаева
Юристлар Малакасини ошириш маркази бўлим бошлиғи