+998 71 200 02 35

Мурожаат қилиш ҳуқуқи институтининг такомиллаштирилиши

15.05.2023 861

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, унда яшаётган инсонларнинг ҳуқуқларини эркин амалга оширишларини кафолатлашдан иборат. Шу мақсадда шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи институти такомиллаштирилиб борилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг олдинги таҳрири 35-моддасида, “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”лиги белгиланиб, бу ҳуқуқни амалга ошириш мазкур Конституциянинг 18-моддасида қайд қилинганидек, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”лигини ифодалайдиган норма билан мустаҳкамлаб қўйилган эди.

Бугунги кунда эса, Янги таҳрирдаги Конституциянинг 40-моддасида, ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги қайд қилинди.

Мазкур ҳуқуқни амалга ошириш  Янги таҳрирдаги Конституциянинг 19-моддасида қайд қилинганидек, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади. Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт деб мустаҳкамланди.

Юқорида қайд қилинган ҳолатлардан Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Конституциясида мурожаат қилиш ҳуқуқи институтини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Хусусан, энди инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади.

Юристлар малакасини ошириш Маркази профессори в.б., юридик фанлари доктори (DSc)   Д.Рахимов