+998 71 200 02 35

МИЛЛИЙ ВА ХАЛҚАРО ҚОНУНЧИЛИКДА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТИ

31.03.2023 3775

Бола ҳуқуқлари деганда - ирқи, жинси, тили, дини, туғилган жойи, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкийлиги, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир бола эга бўлиши керак бўлган ҳуқуқ ва эркинликлар. Халқаро ҳуқуқ нормаларида 18 ёшга этмаганларнинг барчаси бола деб тан олинган.

Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, бугунги кунда унинг тўлақонли қонунчилик асослари яратилган дейишимиз мумкин.

Хусусан, бола ҳуқуқлари ва унинг кафолатларининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, ”Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик органлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Мазкур қонун ҳужжатларида

- боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

- боланинг ҳаёти ва соғлиғини, қадр-қимматини муҳофаза қилиш;

- унинг камситилишига йўл қўймаслик;

- ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш каби давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилган.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасида, та-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган бўлиб, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

         Бола ҳуқуқларининг кафолати халқаро доирада тан олинадиган ҳужжатларда ҳам акс эттириб қўйилган. 1989 йилнинг 20 ноябрь санаси БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси қабул қилинган кун ҳисобланади. Ушбу Конвенция инсон ҳуқуқлари тарихидаги энг муҳим ҳужжатлардан биридир. Зеро, мазкур санадан эътиборан, бола ҳуқуқлари дунёнинг қайси минтақасида бузилмасин, уни ҳимоя қилиш борасида халқаро имконият вужудга келди. Конвенция бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари мустаҳкамланган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Умуман олганда болаларнинг таълимга, меҳнат қилишга ва шунга ўхшаш бирламчи ҳуқуқларини кафолатлаш борасида амалга оширилаётган бир қатор муҳим ислоҳотлар ҳам қайд этиш ўринлидир.

Жумладан, меҳнатга оид халқаро ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда миллий қонунчилигимизда болалар меҳнатининг оғир шакллари ёки уларнинг мажбурий меҳнати қатъий тақиқланди. Натижада 2019 йилнинг 1 апрель куни Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоботида Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга барҳам берилгани эълон қилинди.

Ёшларимиз ҳар доим ўз иқтидорларини намойиш этиш учун таълим ва тарбия олишини келажакда ҳам мустаҳкамлаб қўйиш мақсадида қонунчилигимиздаги болалар ҳуқуқлари борасидаги ўзгартиришлар янгиланаётган Конституцияда ҳам қатъий белгилаб қўйилмоқда. Хусусан, 44-моддада болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади, дея белгиланмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилаётган мазкур норма болалар меҳнатининг оғир шаклларидан ҳимоя қилиш, уларни соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолатдир.

Шунингдек, 50-моддада таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши белгиланмоқда. Унга кўра, соғлиғида нуқсони бўлган болалар фақатгина ихтисослашган мактабларда эмас, ҳамма қатори умумий мактабларда ҳам ўқиши йўлга қўйилиши Янги Ўзбекистонда инсон қадри тамойилининг амалий ифодасидир.

Шу билан бирга, 51-моддада фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли эканлиги норма сифатида киритилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад иқтидорли ёшлар учун давлат гранти асосида бакалавриат ва магистратура босқичида таълим олиш орқали ҳаётда ўзларини тўлақонли намоён этиш имкониятини кенгайтиришдир.

Бош мутахассис Эргашев Ҳалим