+998 71 200 02 35

Миллий қонунчиликда Конституциявий мутаносиблик принципининг жорий этилиши

22.12.2023 1460

Замонавий конституциявий-ҳуқуқий доктрина демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги тушунчаларига асосланади. Уларни амалга оширишнинг зарурий шарти ва усули сифатида мутаносиблик принципи алоҳида аҳамият касб этади.

Мутаносиблик принципи Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 20-модда 4-қисми билан белгиланган бўлиб, “Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак”лигини таъкидлайди.

Шу боис, бугунги кунда мутаносиблик принципи давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан уларга берилган ваколатларни муносиб тарзда амалга оширишнинг асосий мезони сифатида эътироф этилиб, шахсларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган чоралар ҳаддан ташқари бўлмаслиги ва уларни қўлланилаётган мақсадларга мос келишини талаб қилади.

Мутаносиблик қатор миллий норматив-ҳуқуқий актларда принцип сифатида ўз аксини топган. Масалан, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунинг 7-моддасига асосан, маъмурий иш юритиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган таъсир чоралари маъмурий орган томонидан кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги кераклиги таъкидланган. Шу билан бирга, ижро ҳужжатларини ўз вақтида ижро этмаганлик учун фуқароларга солинадиган жарималар миқдорларининг содир этилган ҳуқуқбузарликларга мутаносиб бўлишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 4 июлдаги ЎРҚ-851-сон “Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонуни билан мазкур 1981-модда 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган санкцияси енгиллаштирилди. Шунингдек, мазкур 1981-модда “Ушбу моддага асосан солинадиган маъмурий жариманинг суммаси ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан ошиши мумкин эмас” деган, учинчи қисм билан тўлдирилди.

Айрим қонунларда мутаносиблик принципи келтирилган бўлсада, мазкур қонунлар принциплари рўйхатида кўрсатиб ўтилмаган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 7-моддаси 3-қисмида мутаносиблик принципи “Жазолашдан кўзланган мақсадга ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддаларида назарда тутилган енгилроқ чораларни қўллаш орқали эришиб бўлмайдиган тақдирдагина оғирроқ жазо чоралари тайинланиши мумкин” деган қоидада ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекснинг 227-моддаси 2-қисмида “Гумон қилинувчи ҳақиқий ушланган пайтдан бошлаб ўтган вақт айбланувчини қамоқда сақлаш ёки унинг уй қамоғида бўлиши ҳамда Жиноят кодексининг 62-моддасида белгиланганига мутаносиб равишда суд томонидан тайинланган жазо муддатига киритилади” деган мутаносиблик принципига оид қоида келтирилган. Шунингдек, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсга нисбатан қўлланилаётган мажбурий йўсиндаги чоралар, шу жумладан, махсус воситаларни ишлатиш қатор шартлар билан чекланган. Бундай шартлар мазмунан мутаносиблик принципини ифода этмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 71-моддаси 5-қисмида “Махсус воситалар турлари, уларни ишлатиш интенсивлиги юзага келган вазият, ҳуқуқбузарлик хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг шахсини инобатга олган ҳолда белгиланади. Махсус воситаларни қўллаш маҳкумларга ва бошқа шахсларга мумкин қадар кам зарар келтириши лозим” дейилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган, хусусан, уй қамоғи, қамоққа олиш каби эҳтиёт чорасини танлашда эътиборга олинадиган ҳолатлар қаторида, ушбу чораларнинг мутаносиблиги ҳам инобатга олиниши даркор, деб ҳисоблаймиз. Шу боис, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексини мутаносиблик принципини назарда тутувчи қуйидаги таҳрирдаги 181-модда билан тўлдириш мақсадга мувофиқдир: “Судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчиушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқий-таъсир чораларини мутаносиблик принципи асосида қўллаши лозим”.

Чунончи, маҳкумларга мажбурлов чораларни қуллашда мутаносиблик принципига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида, жиноят-ижроия қонунчилигининг принциплари назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 6-моддасини “мутаносиблик принципи” билан тўлдириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бинобарин, “мутаносиблик принципи” Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ва ҳуқуқий таъсир чораларни назарда тутувчи бошқа қонунларда ҳам ўз аксини топиши мақсадга мувофиқдир. 

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ҳамда миллий қонунчиликка жорий этилаётган мутаносиблик принципи инсонга қўлланаётган ҳуқуқий-таъсир чораларининг мақсадга мувофиқ, адолатли, инсоннинг имкониятларига мос бўлиши, инсонга ортиқча мажбурият юкламаслиги, инсоннинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини заруратсиз чекламасликни назарда тутади ва хизмат қилади.

Рафик Шакуров

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги

Юристлар малакасини ошириш маркази

Касбий кўникмаларни ривожлантириш

кафедраси доценти, ю.ф.н.