+998 71 200 02 35

“Меҳр” мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайди

24.02.2023 1831

Ҳар бир инсон кундалик ҳаётида бир-бири билан мулоқотда бўлади. Уларнинг мулоқотлари асосида шаклланадиган муносабатлари эрта тонгдан бошлаб, кечкурун уйқуга кетгунига қадар давом этади. Мазкур муносабатлар жараёнида инсонлар маълум бир ҳуқуқларга эга бўлиши билан биргаликда, муайян мажбуриятларни ҳам бажариши шарт.

Ҳаётимизда мажбуриятларни турлича кўринишда учратиш мумкин. Масалан, давлат ва шахс, ота-она ва фарзанд, бобо-буви ва невара, эр-хотин, қайнота-қайнона ва киёв-келин, раҳбар ва ходим, устоз ва шогирд, дўстлар, қўшнилар ўртасида вужудга келадиган мажбуриятлар. Бу каби мажбуриятларнинг доираси ғоятда кенг.

Турмуш кечириш жараёнида мажбуриятларнинг ўрни нақадар муҳим эканлигини баён этмоқчи бўлсак, биргина ота-она ва фарзанд ўртасидаги мажбуриятларга оид қуйидаги битикларни келтириш жоиз яъни, “Агар улардан бири ёки иккови ҳам сенинг ҳузурингда кексайиб қолган бўлса, эй фарзанд, сен уларга асло “уфф” дея кўрма. Уларни жеркима, уларга шафқат қанотингни ёз..,”.

Инсон чарчаганида ёки норозилик кайфиятини ифодалаш учун ишлатадиган “уфф” сўзи оддий бир овоз. Бироқ, фарзанд ота-онасининг ҳузурида “уфф” дейиши – уларнинг кўнглига малол келиб, уларни ранжитади. Фарзанд ўз ота-онаси ранжитишмасдан, меҳр билан маънан қўллаб-қувватлаши, шунингдек уларга моддий ёрдам кўрсатиши лозим. Бу ота-онанинг қарилик гаштини суришга катта ёрдам беради.

Таъкидлаш жоизки, вояга етган (ўн саккиз ёшга тўлган), меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришлари шарт. Агар улар бу каби мажбуриятдан бош тортадиган бўлсалар, ушбу мажбуриятларнинг бажарилиши суд аралашуви орқали таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 110-моддасида ота-онага бериладиган таъминот миқдори ва тартиби қайд қилинган бўлиб, агар вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Халқимизда “данагидан мағизи ширин” деган нақл бор. Бобо-буви неварага меҳр қўяди. Бобо-буви неварага меҳр қўйгани каби у ҳам уларга меҳр қўйиши керак.

Бобо-буви ва невара ўртасидаги меҳр уларнинг ўзаро мажбуриятларининг бажарилишини таъминлайди. Акс ҳолда, бу каби мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашга суд аралашуви содир бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 123-моддасида, бобо ва бувининг ўз невараларига таъминот бериш мажбурияти белгиланган бўлиб, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган невараларига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган бобо ва буви зиммасига юклатилиши мумкин. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож невараларнинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ва вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, уларга нисбатан ҳам бу мажбурият бобо ва бувининг зиммасига юклатилиши мумкин.

Шунингдек, Оила Кодексининг 124-моддасида, невараларнинг бобо ва бувиларига таъминот бериш мажбурияти ҳам белгиланган бўлиб, унга асосан, ўзларининг вояга етган болаларидан ёхуд эри ёки хотинидан (собиқ эри ёки хотинидан) таъминот ололмайдиган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож бобо ва бувига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган вояга етган меҳнатга лаёқатли неваралар зиммасига юклатилиши мумкин.

Бундан ташқари, эр-хотиннинг бири-бири олдидаги мажбуриятлари хусусида сўз юритар эканмиз. Бунда уларнинг бир-бирига таъминот бериш мажбурияти мавжудлигини таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 117-моддасига асосан, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан эътиборан уч йил давомида, ўртадаги ногиронлиги бўлган болани у ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар парваришлашни ёки болаликдан I гуруҳ ногиронлиги бўлган ўртадаги болани парваришлашни амалга оширган, ёрдамга муҳтож бўлган эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотиндан (эрдан) суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.

Азал-азалдан эр-хотин ўртасидаги мажбуриятлар адолатли равишда тақсимланиб, унга риоя қилган ҳолда бажарилиб келинган.

Эр-хотин бир-бирига доимо ёрдам берган, суянган ҳолда камчилигини, сирини яшириб, ҳамфикрликда яшаши лозим.

Бир сўз билан айтганда “Эр ва хотин бир-бирига либос бўлиб яшаши керак”.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Биз ўз мажбуриятларимизни билсак ва уларга амал қилиб яшасак, камолот сари юзланган бўламиз.

 Юристлар малакасини ошириш маркази

профессори в.б., юридик фанлари доктори (DSc)  Д.Б.Рахимов