+998 71 200 02 35

МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ МЕҲНАТ ҚИЛИШ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТИ СИФАТИДА

19.03.2025 665

 

Бугунги бозор муносабатлари шароитида даромад топишнинг турли йўллари ва усуллари тобора ортиб бормоқда. Бир қарашда ҳар қандай ишни бажариш фойда келтирадигандек кўринади. Аммо эришилган моддий манфаатдан бошқа эҳтиёжлар ҳам бор эканлигини унутмаслик керак. Бу борада хавфсиз меҳнат муносабатларига киришиш ёки таваккалчиликка асосланган фуқаролик муносабатларини танлаш шахснинг ўзигагина боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Таъкидлаш жоизки, даромад келтирадиган ҳар қандай фаолият тури ҳам ишончли ва хавфсиз эмас. Айниқса ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш учун ёлланиб ишлаётганлар бу жараёнда кўпроқ азият чекадилар. Шу сабабли, муносиб меҳнат шароитларини кафолатлайдиган меҳнат шартномаси орқали ёлланиб ишлаш мақсадга мувофиқ.

Меҳнат шартномаси – бу иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган келишув бўлиб, унда ходимнинг иш жойи, меҳнат вазифаси, ишнинг бошланиш санаси, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, шартноманинг муддати, иш вақти ва дам олиш вақти режими ва бошқа иш шароитлари белгиланади. Бу эса, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг нафақат юридик аҳамиятини балки кучини ҳам кўрсатади.

Тўғри фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларда ҳам ўзига хос шартлар белгиланиши мумкин, аммо улар ҳар доим ҳам ишчининг манфаатларидан келиб чиқмайди.

Меҳнат шартномаси ходимга қуйидаги кафолатларни беради:

1) меҳнат шароитларининг барқарорлиги – ишчи ўз касбий фаолиятини қонуний асосда олиб бориши мумкин;

2) иш ҳақи кафолати – шартномада белгиланган меҳнат ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ олиш имконияти яратилади;

3) ишдан бўшатилишнинг қонуний ҳимояси – иш берувчи фақат қонуний асосда ва белгиланган тартибда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин;

4) меҳнатга лаёқатсизлик даврида, ҳомиладорлик ва туғиш даврида, бола парваришлаш даврида, ўқишни иш билан бирга олиб борганда ходимларга турли кафолатларни таъминлайди.

5) ижтимоий ҳимоя – меҳнат шартномаси асосида ишловчилар пенсия, суғурта, касбий малака ошириш каби ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Бундан ташқари, меҳнат шартномаси тарафлар келишувига кўра тузилгани билан иш берувчи меҳнат шартномаси тузишда ҳатто ходим рози бўлса ҳам, унинг ҳуқуқларини паймол қилувчи, камситувчи ёки меҳнат қонунчилигида белгиланган ҳуқуқларини бермасликка йўналтирилган шартларни кирита олмайди. Агар меҳнат шартномасининг мазмунига: ходимнинг ҳолатини меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ёмонлаштирадиган; меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузадиган; мажбурий меҳнатни тақиқлаш ҳақидаги талабларни бузадиган; ходимни қонунга хилоф ҳаракатларни ёки ҳам ходимнинг, ҳам бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузадиган, ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган, шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган ҳаракатларни амалга оширишга мажбурлайдиган шартлар киритилмаслиги керак, агар улар киритилган бўлса, ҳақиқий бўлмайди.

Бундан ташқари, меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходим ҳар қандай вазиятда иш берувчидан ўз ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилиши мумкин. Агар меҳнат шартномаси шартлари бузилса, ходим ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилса, қуйидаги ҳуқуқий механизмлар ишга туширилади:

- меҳнат инспексиялари томонидан назорат ва текширув;

- меҳнат низолари бўйича суд жараёнлари;

- бошқа ваколатли давлат органларининг аралашуви.

Шу билан биргаликда, меҳнат шартномаси шартларининг бузилиши иш берувчига нисбатан маъмурий жавобгарлик чорасини қўлланилишига сабаб бўлиши мумкин.

Фуқаролик шартномаси асосида ишловчи шахслар меҳнат қонунчилиги билан ҳимоя қилинмайди. Фуқаролик шартномалари одатда муайян топшириқ ёки муддатга тузилади, шунинг учун ходим узоқ муддатли иш билан таъминланмайди шунингдек, меҳнат шартномаларидан фарқли ўлароқ, фуқаролик шартномаларида иш шароитлари, хавфсизлик талаблари қатъий белгиланмаган бўлиши мумкин. Ушбу шартнома ёзма тузилишига ҳам ҳатто кафолат йўқ. бундан ташқари, ишчини ишдан бўшатишда Меҳнат кодекси талаб қиладиган тартиб-қоидалар амал қилмайди, мазкур муносабатларда ишчиларни алмаштириш осон жараён ҳисобланади.

Меҳнат шартномаларида минимал иш ҳақи, қўшимча тўловлар, кечиктирилган тўловларга жарималар каби мажбуриятлар мавжуд бўлса, фуқаролик шартномаларида бу талаблар қўлланилмайди. Фуқаролик муносабатларида топшириқ берувчи кечиктирилган тўловларни ўз фойдасига чўзиши ёки пул тўлашдан қочиши мумкин. Таъкидлаш керак, фуқаролик шартномаси асосида ишланган даврлар меҳнат стажига киритилмайди, натижада пенсия ҳисоб-китобида ҳам ҳисобга олинмайди. Шунинг учун ҳам ушбу муносабатга киришаётган шахслар кутилаётган оқибатларга тайёр туриши керак бўлади.

Демак, меҳнат шартномасигина ходим ва иш берувчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат бўлиб, у меҳнат қилиш ҳуқуқининг кафолати сифатида хизмат қилади. Ушбу ҳужжат ходимнинг иш шароитлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини аниқ белгилаб, унинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди. Шу сабабли, меҳнат шартномаларининг тузилиши ва ижросини таъминлаш давлат ҳамда жамият олдидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Рахимберганова Бону Давлатназаровна
Юристлар малакасини ошириш маркази катта ўқитувчиси