+998 71 200 02 35

Коррупцияга қарши курашиш бўйича асосий принципларнинг мазмун-моҳияти

24.04.2024 2072

Ҳар қандай фаолиятнинг самарадорлиги, унинг аниқ принципларга таянган ҳолда амалга оширилишига боғлиқ. Шубҳасиз, бу қоида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг самарадорлигига ҳам таалуқлидир.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги ЎРҚ-419-сон “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига кўра, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш қуйидаги принципларга асосланади:

қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги.

Қонунда принциплар руйҳати келтирилган бўлсада уларнинг мазмуни ёритиб берилмаган. Шу билан бирга, принципларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаш муҳимдир. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ва айрим олимлар фикрларига асосланган ҳолда, ушбу принципларнинг мазмун-моҳиятини ёритишга ҳаракат қиламиз.

Қонунийлик принципи, авваламбор, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ва қонуности ҳужжатлар, ратификация қилинган халқаро шартномаларга мувофиқ бўлиши лозимлигини, шунингдек, бундай чора-тадбирларни коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва мансабдор шахслари томонидан мазкур қонунчилик ҳужжатларида келтирилган доирада амалга ошириш кераклигини англатади. Ўз навбатида, қонунчилик ҳужжатларига риоя қилмаслик ёҳуд улардаги нормаларда келтирилган қоидаларни бузиш белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади (Қонуннинг 26, 27-моддалари).

Фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги принципи давлатнинг коррупцияга қарши кураш чора-тадбирлари, авваламбор, барча давлат органлари ва мансабдор шахслардан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг қонунда белгиланган манфаатларини таъминлаш, шунингдек, бундай чора-тадбирлар таъсири остида қолган шахснинг жинси, миллати, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати, мансаби, яшаш манзили, эътиқоди ва бошқа ҳолатлардан қатъи назар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланиши шартлигини белгилайди. Чунончи, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларининг бузилишига олиб келган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар натижасида қабул қилинган қарорлар бекор қилинади ёки ўзгартирилади, уларнинг қабул қилиниши натижасида жисмоний                    ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни эса қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади (Қонуннинг 29-моддаси).  

Очиқлик ва шаффофлик принципи давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг таркибий ҳамда ҳудудий бўлинмалари фаолияти жараёнининг бориши, улар томонидан қабул қилинган ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида фуқаролар ва жамиятнинг бошқа субъектларини хабардор қилиш лозимлигини акс эттиради. Ушбу принципнинг муҳимлиги, унинг давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қаторида келтириб ўтишга асос бўлди (Қонуннинг 19-моддаси). Бугунги кунда, мазкур принципни таъминлашда, масалан, давлат харидлари электрон тизими (harid.uzex.uz), Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz) платформаларининг ташкил этилиши, “Давлат хизматлари ягона реестри”нинг яратилиши, харидлар, хизматлар электрон тендер тизимларнинг жорий этилиши (tender.mc.uz), ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш жараёнини очиқ танлов асосида интернет тармоғи орқали реал вақт режимида амалга ошириш тартибининг ташкил этилиши ва бошқа самарали инструментлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тизимлилик принципининг энг муҳим жиҳати, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларининг комплекс тарзда амалга оширилиши ва бир-бирини тўлдиришида намоён бўлади. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, коррупцияга қарши курашиш, биринчи навбатда, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган тизимли ва келишилган ҳаракатларни талаб қилади. Назарияда тизимлик атамаси қисмлардан иборат бутун, ўзаро муносабат ва алоқада бўлган, муайян яхлитликни ҳосил қилувчи кўп қисмларнинг мажмуи деган, тушунча келтирилмоқда. Демак, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида келтирилган, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларига оид ҳуқуқий, сиёсий, ташкилий, техник ва молиявий чора-тадбирлар чамбарчас боғлиқ тартибда ва зарур кетма-кетликда амалга оширилиши лозимлигини англатади (Қонуннинг 5-моддаси).

Давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги принципи коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олишда кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш лозимлигини белгилайди. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига асосан, бундай ҳамкорлик, жумладан, коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини муҳокамасида иштирок этишда,  уларнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда, коррупцияга энг кўп дучор бўлган тармоқлар ва соҳаларни, унинг юзага келиши сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш мақсадида социологик сўровлар ўтказиш ва бошқа усуллардан фойдаланиш йўли билан жамоатчилик фикрини ўрганишда намоён бўлиши мумкин (Қонуннинг 8, 14, 19, 30-моддалари).

Коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги принципи коррупциянинг олдини олиш, бевосита Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-бобида келтирилган чора-тадбирлар асосида амалга оширилиши лозимлигини англатади (Қонуннинг 19-24-моддалари). Мазкур принципнинг амалга оширилишида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан тасдиқланадиган муайян йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури муҳим аҳамият касб этади. Давлат дастурида, хусусан, коррупцияга қарши курашиш                       чора-тадбирлар, уларни амалга ошириш механизми, ижро муддати, молиялаштириш манбалари кўрсатилади ва масъул ижрочилар белгиланади. Хусусан, амалдаги коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024-йилларга мўлжалланган давлат дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сон Фармонига асосан 1-иловага мувофиқ тасдиқланди. Бинобарин, коррупцияга қарши курашиш устуворлиги               2022 йилнинг 28 январда эълон қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам асосий вазифалар этиб белгиланди (Тараққиёт стратегиясининг 4, 83 ва 84-мақсадлари).

Жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи қилмишида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этган ҳар бир шахснинг жавобгарликка тортилиши шартлигини англатади. Бунда, Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида таъкидланганидек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик деганда, коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмиш тушунилади (Қонуннинг 3-моддаси). Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сон қарори билан тасдиқланган “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомига асосан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни маъмурий ҳуқуқбузарликлар (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 611, 1931 ва 1932-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар) ва жиноятлар (Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 167-моддасининг иккинчи қисми “г” банди, 168-моддасининг учинчи қисми “в” банди, 1929 ва 19210,  205, 209 – 214-моддалари, 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиш ҳамда 301-моддасида кўрсатилган жиноятлар) ташкил этади. Чунончи, мансабдор шахслар ва давлат хизматчилари, уларнинг эгаллаб турган лавозими, иш стажи давомийлиги ва бошқа эришилган ютуқларидан қатъий назар, мазкур коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этганликлари учун жавобгарликка тортилади. Бинобарин, Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар суднинг қарорига кўра муайян ҳуқуқлардан, шу жумладан муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан қонунга мувофиқ маҳрум этилиши мумкин (Қонуннинг 27-моддаси).

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида мустахкамланган принципларнинг мазмун-моҳиятини ўрганиш, уларнинг ижтимоий жихатдан қараганда кенг қамровли эканлигини, коррупцияга қарши курашиш муносабатларини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этаётганлигини ва мазкур фаолият учун ҳуқуқий замин бўлиб xизмат қилувчи омил ҳисобланганлигини англаш мумкин бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларига, қуйидагича тушунча берсак бўлади: “Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплар – қонунчиликда мустаҳкамланган ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари моҳиятини ифодалайдиган, шунингдeк, коррупцияга қарши курашишнинг асослари, чeгаралари ва шакллари ҳақидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, аxлоқий, диний ва ҳуқуқий тасаввурларни акс эттирадиган етакчи ғоя ҳамда асосий қоидалардир”.

 

Рафик Шакуров
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги
Юристлар малакасини ошириш маркази
 ю.ф.н., доцент