+998 71 200 02 35

Конституцияни ислоҳ қилишда киритилган таклифларнинг ўрни

28.06.2022 2224

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан фуқаролардан келиб тушаётган таклифларда ташқи сиёсат инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш принцип ва нормаларига асосланишини ташқи сиёсат принципларига қўшиш, ҳеч ким ўзининг фуқаровий, ҳуқуқий шартномавий мажбуриятларини бажара олмаслиги сабабли озодликдан маҳрум этилмаслиги, ҳеч бир инсон қийноқларга ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомалага ёки жазога тортилмаслиги, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлигини конституциявий мустаҳкамлашга доир масалалар илгари сурилган.

Шунингдек, ҳар бир шахс Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ, ўз ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар томонидан ҳимоя қилиниши учун мурожаат қилишга ҳақлилиги, қонунда белгиланган тартибда фаолият юритаётган барча диний ташкилотларнинг фаолият эркинлиги кафолатланишини назарда тутувчи таклифлар ҳам келиб тушган.

Фуқаролардан келиб тушаётган таклифларнинг салмоқли қисмини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир таклифлар ташкил этиши ижтимоий ахборот тармоқларида ёритиб борилмоқда.

Асосий Қонунимизнинг янгиланишидан барча фуқароларимиз бефарқ эмаслигини Қонституциявий комиссия ташкил қилинганидан унча вақт ўтар-ўтмас, салмоқли таклифлар келиб тушганидан кўриш мумкин.

Ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотларга кўра Конституциявий ислоҳотлар жараёни бошланганидан бери халқ, кенг жамоатчилик томонидан Асосий қонунга ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича жуда кўплаб фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилмоқда.

Шулардан, инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши керак деган мазмунда таклифлар;

конституциянинг олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилиши, судлар, барча давлат органлари, давлат хизматчилари Конституцияга бевосита амал қилишлари кераклиги — «Асосий қонун олий юридик кучга эга» деб қайд этиш зарурлиги борасидаги таклифлар;

ҳар кимнинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари ва интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, давлатнинг аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлаш мажбурияти, давлатнинг ишсизлик ва камбағалликни тугатиш учун ўзининг барча имкониятларидан фойдаланиш мажбурияти каби таклифлар;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг нафақат ўзи, балки оиласини ҳам ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлиши керак, буни Конституцияда ёзиб қўйинглар, деган таклифлар ҳам келиб тушмоқда. Шу билан биргаликда давлатни аҳоли ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни Конституцияда ёзиб қўйиш керак, ижтимоий давлатнинг муҳим белгиларидан бири деган мазмундаги таклифлар;

конституцияда ҳар бир инсоннинг соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлигига ёки мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши кераклиги қайд қилиниши керак деган таклифлар;

давлат ҳар бир болани умумий ўрта таълим ташкилотларига ўқишга кириши учун давлатга қарашли мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий 1 йиллик тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқини кафолатлаши лозимлиги, давлат иқтидорли ёшларни уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришни кафолатлаши керак деган мазмунда ҳам таклифлар; 

давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги ва бошқа таклифлар билдирилди.

Билдирилган таклифлар инобатга олинган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамалари ўтказилмоқда.

Муҳокамаларда Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало "Инсон қадри учун" тамойилини рўёбга чиқаришга қаратилгани ва уни Асосий Қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилиши билан аҳамиятлидир.

Шу ўринда айтиш жоизки, оммавий ахборот воситаларидаги маълумотларга қараганда, фуқаролар ва халқ томонидан киритилган таклифлари асосида Конституциявий Қонун лойиҳасида кўрсатилганидек, биринчидан, фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини, шу жумладан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатланиши кучайтирилмоқда. Бунда:  

– ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан турли чекловлар ўрнатиш, шунингдек, уларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шароитлар яратишдан бўйин товлаш тақиқланмоқда;  

– давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини оширишга, уларга жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этиши учун шароитлар яратишга ҳамда ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилиши белгиланмоқда;  

– давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиши, давлат пенсияларини, нафақаларини ва ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бошқа турларини тайинланиши мустаҳкамланмоқда;  

– пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бошқа турлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги аниқ кўрсатилмоқда;  

– ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, уларнинг иш ҳақини камайтиришини тақиқланиши, болалар меҳнатнинг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши Конституция билан белгиланмоқда.  

Иккинчидан, киритилаётган ўзгартиришлар оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган. Бунда:  

– никоҳ аёллар ҳамда эркакларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши;  

– давлат оилани тўлақонли ривожлантириш учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратиши, кўп болали оилаларга имтиёзлар ҳамда ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлаши;  

– бола манфаатлари, болаларнинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши эканлиги конституциявий мустаҳкамланмоқда.  

Шунингдек, Конституциямизнинг 53-моддасига иқтисодиёт ва тадбиркорликка оид қатор янги нормалар, хусусан қуйидагилар қўшилади:

Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолиятининг йўналишини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикасида товарларнинг, хизматларнинг, ишчи кучининг ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.

Иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмайди.

Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди.

Конституцияга янги 531-модда қўшилади ва қуйидагича ифодаланади:

Ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равишда бошқа шахсга ўтказиш қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда ҳамда тартибда унинг ўрнини олдиндан ва тенг қийматда қоплаш шарти билан амалга оширилиши мумкин.

Асосий Қонунимизнинг 55-моддасига қуйидагича нормалар қўшилади:

Ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида  ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномалари асосида  ажратилади.

55-моддасига эса, қуйидагича нормалар қўшилади:

Ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида  ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномалари асосида  ажратилади.

Умуман олганда, фуқароларнинг таклифлари асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан янгиланаётган Конституциямизнинг муаллифлари ҳалқимиз бўлиб ҳисобланади.

 

Конституциямизни янгича яратилаётганлигини кузатиб бораётган чет эллик мутахассислар ва кузатувчиларнинг фикрларича, бундай Асосий Қонунни референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиниши ҳали жаҳон тажрибасида бўлмаганлиги, Ўзбекистон эса, ўзининг бу борадаги тажрибаси билан бутун жаҳонда ўрнак бўлаётганлиги эътироф этилмоқда.

Насуллаев Мубин

 Юристлар малакасини ошириш Маркази доценти