+998 71 200 02 35

Конституция байрами қомусий билимларни ошириш айёмига айланди

06.12.2023 1193

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида қандай ишлар амалга оширилди?

Бу саволга Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева жавоб берди:  

– Конституциянинг мазмун-моҳиятини ёритишга ва байрамона руҳни шакллантиришга қаратилган тарқатма материаллар (баннер, видеоролик, плакат ва бошқалар) тайёрланиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда вазирлик ва идораларга электрон шаклда етказилди.  

Аҳолига қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини етказиш ва Конституция куни арафасида ташкил этилаётган тадбирлар мавзусида матбуот анжумани ташкил қилинди.  

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг барча моддалари бўйича (ўзбек тилида) видеоролик тайёрланиб, вазирликнинг “Youtube”даги расмий саҳифасига жойлаштирилди.  

“Ориат доно” радиосида Конституция куни муносабати билан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда радиовикторина ўтказилди.  

70 нафар 7-17 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун “Мафтункор ранглар жилоси” номли расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада 200 дан ортиқ расмлар намойиш этилди.  

Конституция мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича бутун республика бўйлаб “Тарғибот поезди” ташкил қилинди.  

“Тарғибот поезди”ни ташкил қилиш бўйича 140 нафар ТДЮУ ўқитувчилари ва талабаларидан иборат гуруҳ 14 та ҳудудда дастур асосида таълим муассасалари ва аҳоли гавжум жойларда тарғибот тадбирларини амалга оширди.  

Тошкент шаҳридаги 77-сон мактабда кўзи ожиз шахслар учун Конституциянинг мазмун-моҳиятини ўқувчиларга тушунтириб бериш бўйича вазирлик раҳбарияти томонидан очиқ дарс ташкил этилди.  

Дарс якунида кўзи ожиз шахслар учун “Брайл” алифбосидаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўқувчиларга китоб ва аудио форматда тарқатилди.  

Барча туман (шаҳар) марказларида “Конституция кўчаси”ни ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.  

Жорий йил 5 декабрда Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида “Конституция кўчаси”да бир қатор оммавий тадбирлар ташкил этилди.  

Жумладан, Конституциянинг яратилиши, такомиллаштириш босқичларини ифода этадиган “Конституция тарихи” бурчаги ва фотокўргазмаси, болалар ва ёшларга Конституцияда белгиланган нормаларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи кўргазмали материаллар бурчаги, Конституцияни ўргатиш бўйича замонавий методика асосида тайёрланган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва махсус адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.  

Шунингдек, конституциявий ҳуқуқлар бўйича суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бурчаклари ташкил этилиб, мазкур бурчакларда кўргазмали материаллар жойлаштирилди.  

“Конституция кўчаси” тарғибот ва кўргазмали баннерлар билан безатилди.  

Фуқароларнинг Конституцияга оид билимларини синовдан ўтказиш бўйича викторина ўтказилиб, ғолиб фуқаролар Конституция китоби ва бошқа совғалар билан тақдирланди.  

Конституциянинг 31 йиллиги муносабати билан Адлия вазирлиги томонидан Умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилди.  

Имтиҳонда республиканинг барча ҳудудларидан, шунингдек, хорижий давлатларда бўлиб турган жами 210 минг 720 нафар фуқаро иштирок этди.  

Танлов 2-босқичда ташкил этилди. 1-босқич – тест синовлари, 2-босқич – суҳбат. Танловнинг 1-босқичида тест саволларига энг тез ва энг кўп тўғри жавоб берган жами 90 нафар (ҳар бир йўналиш бўйича 30 нафардан) иштирокчининг ижодий саволга жавоблари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, шундан 31 нафари (ҳуқуқшунослар йўналишида 11 нафар) финал босқичида иштирок этди.  

Финал босқичи (суҳбат), видеоконференсалоқа шаклида бўлиб ўтди.

Мазкур босқичда иштирокчилар бевосита ўзлари яшаб турган ҳудуддаги адлия бошқармаси биносида қатнашди. “Конституция кўчаси”да ташкил этилган тадбирда ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.  

Давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиалларида “Конституция бурчаги” ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўйича флаерлар электрон кўринишида барча ДХМларга юборилди.  

Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси яратилиши тарихига бағишланган ҳужжатли фильм суратга олиниб, вазирликнинг “Youtube”даги расмий саҳифасига жойлаштирилди.  

“Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида “Конституциянинг 30 та асосий_қоидаси” рукни остида контентлар бериб борилмоқда. 

Вазирлик ходимлари томонидан жорий йил 4-6 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларида барча ўқувчилар учун Конституция дарслари ташкил этилди.  

Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бағишланган тадбирлар давом эттирилмоқда.  

 

Н.Абдураимова, ЎзА