+998 71 200 02 35

КИБЕРЖИНОЯТНИ СОДИР ЭТИШДА ЎЗ НОМИДАГИ БАНК КАРТАСИ, СИМ КАРТАСИ ҲАМДА ЭЛЕКТРОН ҲАМЁНИДАН ФОЙДАЛАНИШГА ЙЎЛ ҚЎЙГАН ШАХСЛАР УЧУН МАЪМУРИЙ ВА ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНИШИДАН ХАБАРДОРМИДИНГИЗ?

10.07.2025 116

2025 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПҚ–153-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан кибержиноятларга қарши курашишнинг тизимли механизмига асос солинди.

Кибержиноятларга қарши курашишнинг янги тартиби нималарни ўз ичига олади?

Қарор билан, Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ваколатли орган этиб белгиланди. Шунингдек, ўз кундалик фаолиятини ташкил этишда мижозларининг манфаати ва молиявий хавфсизлигини таъминлаш банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг устувор вазифаси сифатида кўрсатилди.

Шу билан бир қаторда, кибержиноятни содир этишда ўз номидаги банк картаси, банк ҳисобрақами, СИМ картаси ҳамда электрон ҳамёнидан фойдаланишга йўл қўйган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилди.

Жазо чоралари ҳам кучайтириладими?

Қарорга мувофиқ, жиноят қонунчилиги билан ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ҳамда пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият учун белгиланган жазо чоралари кучайтирилади. Қолаверса, жиноят содир этишда ахборот технологияларидан фойдаланиш жавобгарлик ҳамда жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланиши ҳам қайд этиб ўтилди.

Шу каби, қарор билан ҳар ой якуни бўйича тизимида энг кўп кибержиноятлар қайд этилган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати оммага эълон қилиниши назарда тутилди. Марказий банк томонидан аҳоли пул маблағларини жалб қилишга қаратилган фирибгарлик схемалари (“молиявий пирамида”) аломатларини аниқлаш ҳамда улар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тезкор хабар бериш тизими йўлга қўйилиши ҳам қайд этилди.

Республика миқёсида ҳар йилнинг ноябр ойи “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги”  этиб белгиланди.

Қандай янги бўлим ҳамда штат-бирликлари ажратилмоқда?

Қарорга кўра, Бош прокуратуранинг ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси тузилмасида 6 та штат бирлигидан иборат кибержиноятларга қарши курашишда қонунийликни таъминлаш бўлими ташкил этилади ҳамда ҳудудий прокуратуралар ва Транспорт прокуратурасининг ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлимларида унинг гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида 44 та штат бирлиги ажратилади.          

Хорижий тажриба нима дейди?

АҚШда кибержиноятларга қарши курашиш учун 2008 йилдан бошлаб
chip-and-PIN” ёки “chip-and-signature” карталар (EMV) жорий қилинган бўлиб, улар картани клонлашни қийинлаштиради ва машина орқали чизиқли скиммерлардан ҳимоя қилади. Шунингдек, онлайн тўловлар учун “биллинг манзиллар” ва кард орқасидаги “CVV” кодлари текширилади. “Adress verification system” манзилларни солиштириб, мос келмаса, транзакцияни блоклайди.

Германияда ҳар федерал ер ва штатда, айниқса ҳукумат, бизнес ҳамда давлат органлари учун махсус киберхавфсизлик марказлари йўлга қўйилган бўлиб(Масалан,Баден-Wüрттемберг, Берлин), улар корхоналарга ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳатлар беради ҳамда айрим тергов ҳаракатларини ҳам олиб боради.

Сингапурда эса 2024-йилдан политсия “Cybercrime Command” ва “Anti-Scam Command” учун махсус миллий хизматчи (NSF) ролларини жорий қилмоқда, бу
кибер-ҳужумларни олдини олади ва таҳлил қилади.

Буюк Британияда 2022 йилдан амалиётга татбиқ этилган мулти-факторли аутентификатсия (chipandPIN, OTP, биометрик аниқлаш) системаси электрон тўловларда фирибгарликни самарали камайтиришга сезиларли ҳисса қўшмоқда. Қолаверса, мижозга тўлов юборилишидан олдин банк ходими уни огоҳлантиради. Cалл-марказда ходим мижозни ҳимоя ҳолатига қайтариб, пулни тўхтатиши ёки полицияни жалб қилиши мумкин. Бу орқали 2016–2021 йилларда £142 млн тўловлар қутқарилган, 900 та жиноятчи ушланган.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қарор мамлакатимизда кибержиноятларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга ҳамда ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш борасида замонавий механизмларни йўлга қўйишга хизмат қилади.

Ҳурматли фуқаролар! Кибержиноятлардан эҳтиёт бўлинг. Банк картангиз ҳақидаги маълумотларни ҳеч кимга берманг. Кибержиноятларга дуч келсангиз дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар беринг. Зеро, бу билан ўзингиз ва яқинларингизни фирибгарларнинг ҳийлаларидан сақлаб қолишингиз мумкин!     

Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш
институти
катта ўқитувчиси Шоҳжаҳон Жумаев