+998 71 200 02 35

Кадрлар тайёрлаш ва вазифага қўйишда коррупциянинг олдини олиш масалалари

14.05.2020 3772

2020 йил 11 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Сенат аъзолари томонидан 20 та масала, шу жумладан, 10 та қонун кўриб чиқилди. Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни Парламентга қилган мурожаатида мамлакатда коррупцияга қарши курашувчи махсус орган ташкил этиш ва унга нафақат коррупцияга қарши курашиш, балки бу турдаги жиноятларнинг олдини олиш билан ҳам шуғулланиш лозимлиги таъкидланган эди.

Олий Мажлис Сенатининг бўлиб ўтган ялпи мажлисида Коррупцияга қарши курашишга ихтисослашган агентлик ташкил этилиши масаласи ҳам муҳокама қилинди. Айни пайтда агентликни ташкил этиш, унинг мақомини белгиловчи ва фаолиятини тартибга солувчи тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, муҳокама учун тақдим этилган. Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи алоҳида орган сифатида фаолият кўрсатиши ва вилоятларда унинг бошқармалари ташкил этилиши, шунингдек, унинг асосий вазифаси-коррупциявий қонунбузарликларга олиб борувчи шарт-шароитларни доимий таҳлил қилиш ҳамда коррупцион хатарларни мониторинг қилишдан иборат бўлади.

Мамлакатимизда кадрлар тайёрлашда коррупциянинг олдини олиш асосий вазифалардан бўлиб, бу давлат бошқарувини амалга оширишга бевосита алоқадор. Замонавий фикрлайдиган, мустақил равишда қарорлар қабул қила оладиган, ватанпарвар кадрларни тайёрлаш ва адолат тамойиллари асосида уларни вазифага қўйиш, яъни коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш орқали давлат бошқарувига соғлом дунёқарашга эга кадрларни киритиш муҳим омиллардан саналади.

Бунинг учун давлат корхоналарида кадрларга эҳтиёжни ўрганиб бориш, бўш иш ўринлари ҳақида очиқ ахборот тарқатиш, кадрларга нисбатан зарур малака талабларни қўйиш ва бу ҳақида очиқ ахборот манбаларида хабар бериб бориш, ишга олиш жараёнида корхонада кадрларни танловдан ўтказиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш керак бўлади. Корхонага ишга кирмоқчи бўлган номзодларни суҳбатдан ўтказиш, унинг руҳий, маънавий ва билим даражасини ўрганиш, режаларини аниқлаштириш, мақсад ва ниятларини рўёбга чиқариш имконини бериш орқали, кадрларга ваколатлилиги бўйича ташҳис қўйиш амалиётини жорий этиш лозим.

Коррупциянинг олдини олиш нуқтаи-назаридан хизмат вазифаларини бажара олишга қодир бўлган кадрларни танлашда қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:

ходимларга юкланадиган функция ва вазифаларни самарали бажаришига имкон яратадиган мотивларни аниқлаш;

ҳар бир ходимнинг шахсий қадриятлари ва ҳаётий эҳтиёжларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш;

ҳар бир ходимнинг шахсий қадриятлари ва ҳаётий эҳтиёжларини ходимлар томонидан кадрлар тайёрлашда коррупциянинг олдини олиш фаолияти бўйча функция ва вазифаларни самарали бажаришга имкон яратадиган мотивлар тизими билан солиштириш;

ходимнинг муқаддам ишлаган ёки таҳсил олган жойларида эришган ютуқлари маълумотномаси билан танишиш;

ишга қабул қилинадиган ходимнинг иш шароити, унга юкланган вазифалар мажмуи, ҳисобот бериш ва ташаббуслари ҳажми кўрсатилиши;

ходим билан иш берувчи ўртасида корхона манфаатларидан келиб чиқиб индувидуал меҳнат шартномаси тузиш;

ҳар бир ходим учун самарали фаолият олиб бориши учун етарли шароитлар яратиш.

Юқорида кўрсатилганнинг ижобий жиҳати шундаки, маълум мезонлар асосида ишга қабул қилинган ходим келгусида меҳнатни илмий ташкил этиш қобилиятини намоён қила олади, ҳар кунлик ишини режа билан бажаради. Ўзига юкланган вазифани бажаришда ҳар бир кадрда мотив ва мақсад аниқ бўлиши мумкин. Бугунги кунда ходимнинг ишчанлик қобилиятининг ривожланиши айнан мотивацияга бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳам раҳбарнинг ўз қўл остидаги ходимига мотивация бериши, уни вазифаларини самимий бажаришига йўналтира олиши келгусида катта натижалар бериши мумкин.

Кадрлар тайёрлашда коррупциянинг олдини олиш бўйича функция ва вазифаларни самарали бажаришга имкон яратадиган мотивларни аниқлаш деганда, ходим фаолият кўрсатадиган идора ёки ташкилотнинг турли молиявий ва иқтисодий ҳисоботларидан хабардор бўлиши,  қарорлар қабул қилишда иштирок этиши, ўзининг шахсий фикрини бемалол баён қила олиши, танқид учун таъқиб қилинмаслиги кабилар тушунилади. Бунда ходимнинг шахсий хислатлари ва қадриятларини ҳурмат қилишга тўғри келади.

Ходимларнинг шахсий қадриятлари, ҳаётий эҳтиёжлари ва интилиши ҳамда қизиқишларини ўрганиш ва баҳолаш ушбу ходимлар ҳақида турли манбалар, хусусан, уларнинг ҳамкасблари, дўстлари ва яқинлари билан суҳбатлар жараёнида олинадиган ахборотлар асосида амалга оширилади. Бу борадаги энг керакли ва қизиқарли маълумотларни, ходимларга нисбатан қарамаарши жинсдаги шахслардан (эркаклар ҳақида аёллардан, аёллар ҳақида эркаклардан) олиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ходимларнинг шахсий қадриятлари, ҳаётий эҳтиёжлари ва интилиш ҳамда қизиқишларини ўрганиш ва баҳолашнинг энг самарали усули бураҳбарларнинг ходимлар билан шахсий норасмий суҳбатлари ҳисобланади. Бундай шахсий суҳбатлар жараёнида раҳбарлар ўзаро ишонч ва самимийлик асосида, суҳбатдошларнинг қадриятлари, эҳтиёжлари ва интилишизиқишлари, турмуш шароитларидан хабардор бўладилар. Бунда эса суҳбат жараёнида ходимлар суҳбат мазмунининг ошкор этилмаслигига ҳамда маълумотлар ўзларининг зарарига ишлатилмаслигига ишонч ҳосил қилишлари керак. Бундай суҳбатларни мунтазам ўтказиб бориш яхши самара бериши мумкин, чунки ходимларнинг шахсий қадриятлари, ҳаётий эҳтиёжлари ва қизиқишлари доимий ўзгариш ва ривожланишда бўлади ҳамда раҳбарлар томонидан олинган маълумотлар вақт ўтиши билан эскириб қолиши мумкин.

Ҳар бир ходимнинг шахсий қадриятлари ва ҳаётий эҳтиёжларини ўрганишда уларни коррупциянинг олдини олишга қаратилган функция ва вазифаларни самарали бажаришга имкон яратадиган мотивлар тизими билан солиштириш идора, корхона, ташкилот ёки муассасалар раҳбарларидан ушбу жараёнга масъулият билан ёндашишни талаб қилади. Ушбу жараёнда раҳбарларга ўзларида мавжуд бўлган барча ахборотларни (улар бир-бирига зид бўлган тақдирда ҳам) солиштириш тавсия этилади. Чунки, айрим ходимлар у ёки бу сабабларга кўра, ўзларининг шахсий қадриятлари ва ҳаётий эҳтиёжлари ҳамда интилишизиқишлари бўйича аниқ тасаввурга эга бўлмайдилар ҳамда шахсий ҳаётлари ва иш фаолиятида уларни эътиборга олмайдилар.

Шундай экан, корхона раҳбарлари томонидан кадрларни танлашнинг самарали усуллар қуйидагилар бўлиши мумкин:

шахсий таркиб билан биринчи танишиш жараёнидаёқ ижобий тасаввурлар ҳосил қилиш;

ходимларни хизмат бўйича юқори лавозимларга кўтариш истиқболларини кўрсатиб бериш;

ходимларга, уларнинг амалга ошираётган вазифалари ва шу йўналишдаги топшириқларнинг натижалари бўйича ўз вақтида ва мунтазам равишда ахборот бериб бориш;

энг оддий ташаббусни ҳам ҳар томонлама қўллабувватлаш;

          ходимларни тизимли тарзда коррупциянинг олдини олиш бўйича турли аҳамиятга эга бўлган бошқарув қарорлари қабул қилиш жараёнига жалб этиш;

эришган ютуқлари учун ўз вақтида ва адолатли рағбатлантириш;

мураккаб хизмат вазиятлари оқибатларида ҳиссий зўриқишда бўлган ходимларни самимийлик ва диққат билан тинглай билиш ва тўғри тушуниш даркор.

Ҳар бир раҳбар  томонидан кадрлар тайёрлашда коррупциянинг олдини олиш фаолияти бўйича функция ва вазифаларни самарали бажаришлари учун етарли ва зарур мотивларни аниқлаш – ушбу ходимларнинг келгуси фаолиятини янада юксалтириш учун муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли корхоналар раҳбарларининг бу борадаги тегишли хулосалари атрофлича ўйланган ва қатъий расман хусусиятга эга бўлмаслиги керак. Кадрлар тўғрисида қарорлар қабул қилишда раҳбарлар юқоридаги барча ҳолатларга эътибор қаратишлари муҳим ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, илмий асосланган ва илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиладиган бошқарув коррупциявий элементлар узоқ бўлган, пок ва ўз касбининг моҳир эгаси, виждонли ва билимли кадрларга бевосита боғлиқ.

 Алтынгул Юсупбаева

Юристлар малакасини ошириш

маркази бўлим бошлиғи