+998 71 200 02 35

ЖИНОЯТ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ АЙРИМ МАСАЛАЛАР ТАҲЛИЛИ

24.02.2023 2441

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари шахсни жиноий тажовузлардан самарали муҳофаза қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни таъминлаш учун ҳуқуқий пойдевор яратди.

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз жиноят қонунчилигида унинг нормаларини такомиллаштиришга, жиноят процессига жалб этиладиган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини сўзсиз таъминлаш мақсадида илғор халқаро стандартлар ва хорижий амалиётни имплементация қилишга қаратилган сезиларли ўзгаришлар юз берди.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланган «2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси»да етти йўналиш, 100 та мақсад белгилаб қўйилган бўлиб, унинг 1-йўналиш, 14-мақсадида жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш каби устувор вазифалар назарда тутилди. Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 61-бандида эса жиноятларга қарши курашиш жараёнларида фуқароларнинг қадр-қиммати ва эркинлигини ҳимоя қилишнинг самарадорлигини янада ошириш лозим эканлиги қайд этилди.

Шунга қарамай амалдаги жиноят қонунчилигимизда турли талқин этишга ҳамда турфа хил тушунишга сабаб бўладиган айрим муаммоли ҳолатлар ҳам мавжуд. Қуйида уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун ҳуқуқбузарлик натижасида фуқароларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларига ёхуд қонун томонидан муҳофаза қилинаётган манфаатларига жиддий зиён етказилган бўлса, Кодекснинг 144-моддаси биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик келиб чиқади.

Мазкур модда билан боғлиқ бўлган, амалиётда ҳам турфа хил талқин этишга, турлича қарашга сабаб бўладиган тушунча айнан “жиддий зиён” тушунчасидир. Жиноят кодексининг ушбу моддаси биринчи қисми бўйича жавобгарликка тортишнинг асосларидан зарурийси айнан жиддий зиённинг келиб чиқишидир. Чунки мазкур жиноят учун жиноят таркиби объектив томонининг зарурий белгиларидан бири жиноят натижасида етказилган оқибат, яъни “жиддий зиён”нинг келиб чиқиши ҳисобланади. Маълумки, жиноят таркиби элементларининг зарурий белгиларидан бирортаси бўлмаса ҳам, содир этилган ижтимоий ҳодисани Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан малакалаб бўлмайди. Шу боис жиноятларни квалификация қилишда жиддий зиён тушунчасига аниқлик киритилишининг аҳамияти катта. Аммо амалдаги Жиноят кодексининг “Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси” номли саккизинчи бўлимида “жиддий зиён” деганда айнан нима тушунилиши лозим эканлиги қатъий келтириб ўтилмаган.  Ваҳоланки, ушбу кодекснинг 4-моддасига асосан, содир этилган қилмишнинг жиноийлиги, жазога сазоворлиги ва бошқа ҳуқуқий оқибатлари фақат Жиноят кодекси билан белгиланади.

Ҳеч ким суднинг ҳукми бўлмай туриб жиноят содир қилишда айбли деб топилиши ва қонунга хилоф равишда жазога тортилиши мумкин эмас. Жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахс қонунда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланади ва мажбуриятларни бажаради.

Бундан келиб чиқадики, жиноий жавобгарликнинг асоси фақат Жиноят кодексида акс этиши лозим. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида “жиддий зиён” тушунчасининг мазмуни, турлари ёки миқдори очиб берилмаган.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Демакки, қонунчиликда акс этган ҳамда турлича талқин этишга асос бўладиган ҳолатлар ҳам жиноят содир этишда гумон қилинаётган, айбланаётган шахснинг фойдасига хизмат қилиши жоиз.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 23-моддасида мураккаб айбли жиноят тушунчаси мазмуни келтирилган бўлиб, унга кўра, агар шахснинг қасддан жиноят содир этиши натижасида эҳтиётсизлик орқасида бошқа ижтимоий хавфли оқибатлар юз берган ва шундай қилмишни қонун қаттиқроқ жавобгарлик билан боғлаган бўлса, бундай жиноят қасддан содир этилган деб топилади. Ваҳоланки, мазкур кодекснинг 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига олиб келганлик ҳолати учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ушбу қилмиш назарий жиҳатдан мураккаб айбли жиноят деб эътироф этилишини ҳисобга олсак, ҳар доим ҳам қилмишни “мураккаб айбли” деб санаш учун икки ва ундан ортиқ оқибат келиб чиқиши шарт эмас екан. Шу боисдан Жиноят кодексининг 23-моддаси диспозициясидаги “ижтимоий хавфли оқибатлар” жумласи “ижтимоий хавфли оқибат(лар)” тарзида қайд этилса, назарий жиҳатдан ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Умуман олганда жиноят ҳуқуқи анча қатъий ҳамда турлича татбиқ этилмаслиги лозим бўлган ҳуқуқ соҳаси бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда давлат ва жамиятнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини жиноий тажовузларидан ҳимоя қилишда жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мамлакатимизда соҳага доир қонунчиликни изчил такомиллаштириш сиёсати босқичма-босқич давом эттирилаётганига юқори баҳо бериш мумкин.  

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази

Жумаев Шоҳжаҳон Бегимқул ўғли