Ҳозирги кундаги бозор иқтисодиётида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб масала сифатида нафақат мамлакат ҳудуди шунингдек, халқаро миқёсда ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикасида ўз навбатида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Фуқаролик кодекси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунлари билан шунингдек, қонун ости ҳужжатлар асосида тартибга солинади. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунинг 1-моддасида истеъмолчи — фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс) сифатида белгиланган. Бу норма шуни англатадики, фақатгина жисмоний шахсларгина истеъмолчи бўла олади, юридик шахслар эса бундай ҳуқуққа эга эмас. Истеъмолчи иқтисодий муносабатларда заиф томон сифатида шартномавий муносабатларда устувор ҳуқуққа эга ҳисобланади. Ўз навбатида истеъмолчилар ҳуқуқлари нималардан иборат деган ўринли савол пайдо бўлади. Ўзбекистон Республикасининг “истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан истеъмолчилар қуйдаги ҳуқуқларга эга:
Товар иш, хизмат ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи, ижрочи, сотувчи ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш. Ушбу қоида ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши, бундай маълумот ишлаб чиқариш маркаси ёки товар белгисида кўрсатилган бўлиши ёхуд бошқа усулда тақдим этилиши, ишлаб чиқарувчи, ижрочи, сотувчи ҳақидаги, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилиши ва мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилишини ўз ичига қамраб олади.
Истеъмолчиларнинг товар иш, хизматни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши кераклиги бўйича ҳуқуқларида товар иш, хизматнинг хавфсиз бўлиши, ишлаб чиқарувчи ижрочи, сотувчи истеъмолчига ўзи реализатсия қилаётган товар иш, хизматлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши, бунда мазкур маълумот товарларнинг этикеткаларида, тамғаларида, техник ҳужжатида ёки товарларнинг ишларнинг, хизматларнинг айрим турлари учун қабул қилинган бошқа усулда истеъмолчиларга етказилиши лозимлиги англашилади.
Шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар иш, хизмат шунингдек, ишлаб чиқарувчи ижрочи, сотувчининг ғайриқонуний ҳаракати ҳаракатсизлиги туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши каби ҳуқуқларида товар иш, хизматнинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи ишлаб чиқарувчи, ижрочи томонидан қопланиши лозимлиги, шу билан бирга истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, агар у норматив ҳужжатларда назарда тутилган товарнинг хизмат яроқлилик муддати мобайнида, бундай муддат белгиланмаган тақдирда эса, товар ишлаб чиқарилган иш, хизмат қабул қилинган пайтдан эътиборан ўн йил мобайнида юзага келган бўлса, қопланиши лозимлиги ва истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарар учун уни етказган шахс, башарти у айбдор бўлса, ҳақ тўлаши лозимлиги, маънавий зарар учун ҳақ тўлаш мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар, амалга оширилишидир
Истеъмолчи бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ ўз навбатида Ўзбекистон Республикасида истеъмолчилар ҳуқуқларини “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан давлат истеъмолчиларнинг товар, иш, хизмат сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинишини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, судлар таъминлайдилар. Бундан ташқари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органлари сифатида қуйдагиларни кўрсатилган:
1. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги;
2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги;
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги;
5. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
6. истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини ўз ваколатлари доирасида назорат қилувчи бошқа давлат бошқаруви органларидир.
Истеъмолчилар ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ихтиёрий равишда истеъмолчилар бирлашмаларини тузишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддасига асосан ишлаб чиқарувчининг ижрочининг, сотувчининг мансабдор шахслари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шарт эканлиги қонунчиликда белгиланган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализатсия қилиш ва сотиш учун қабул қилганлик, яроқлилик муддати ўтган товарларни реализатсия қилиш ва сотиш учун қабул қилганлик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажаришдан бўйин товлаганлик, ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаганлик, шунингдек истеъмолчиларга товарлар ишлар, хизматлар тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, товарларни ишларни, хизматларни мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик, норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар иш, хизмат туфайли истеъмолчиларга зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.
Юристлар малака ошириш маркази
касбий кўникмалар кафедраси
катта ўқитувчиси Деҳқанов Рахматилла